Қаҳрамон муаллиманинг ҳаёт йўли театр саҳнасига кўчди

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропованинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган “Муҳаббат” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Муҳаббат Шаропова 1971 йилда Самарқанд давлат университетининг математика факультетини тамомлаб, Қарши шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Кейинчалик Қарши давлат университети қошидаги лицей-интернатда, Қарши шаҳридаги 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ишлади. 2022 йилдан буён Қарши давлат университетининг Алгебра ва геометрия кафедраси профессори сифатида фаолият юритмоқда.
Ярим асрдан ошибдики, бу фидойи муаллима ўқувчиларга, талабаларга математика фанининг сир-синоатларини ўргатиб келмоқда. Унинг шогирдлари шу вақтга қадар 22 маротаба республика фан олимпиадаларида, 3 маротаба халқаро математика олимпиадаларида, 9 маротаба математика фани бўйича ўтказилган халқаро танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллашган. 7 нафар шогирди фан доктори, 30 дан ортиғи фан номзоди даражасига эришишида ҳам Муҳаббат Шаропованинг қилган меҳнатлари, уларга берган сабоқлари натижаси мужассам.
Ўзининг бор куч ва шижоатини, билимини ёш авлод таълим ва тарбиясига бағишлаган Муҳаббат Шаропова 2016 йилда давлатимизнинг энг юксак мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган эди.
Режиссёр Фарҳод Бойназаров томонидан саҳналаштирилган спектаклда жонкуяр муаллиманинг болалиги, ўқитувчилик фаолияти давомида у босиб ўтган узун ва сермазмун йўл, бу йўлда дуч келган қийинчиликлари, курашлари, шу билан бир қаторда, ўқитувчилик касбининг машаққати, заҳмати ва роҳатлари акс эттирилган.
Спектаклда бош қаҳрамон ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Ҳалилова ижро этган.
— Спектаклни томоша қилиш асносида ўз фаолиятимга, қолаверса, ўқитувчилар меҳнатига четдан назар солиш имкони туғилди, — дейди Муҳаббат Шаропова. — Биз ўқитувчи меҳнатининг қадри бўлмаган қийин даврларни ҳам кўрдик. Бугун ҳукуматимиз томонидан бу соҳа эгаларига қаратилаётган эътибор, берилаётган рағбат ва эъзозларга ҳам гувоҳмиз. Спектаклда ана шу жиҳатлар маҳорат билан ёритиб берилгани мени мамнун этди.
Спектакль томошабинлар томонидан катта қизиқиш ва олқишлар билан қарши олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг