«Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!»

17:04 17 Март 2025 Жамият
192 0

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ/«Халқ сўзи». Кўпинча Наврўз яқинлашгани сари «бу байрамни араблар ҳам, мўғуллар ҳам йўқота олмаган», деган фикрларни ўқиб қоламиз. Тан олиш керакки, араблар ҳам, мўғуллар ҳам Шарқ халқларининг баҳорий тенг кунлик байрамини тақиқламаган. Наврўзни тақиқлашга ҳатто собиқ иттифоқ раҳбарлари ҳам очиқчасига уринмаган.

Фақат ўтган асрнинг 80 йилларида айрим калтафаҳм кишилар томонидан Наврўзга диний байрам деган тамға босилган ва уни чеклашга ҳаракат қилинган. Одамлар эса айрим диний маросимларни Наврўзга боғлаб талқин этган. Дейлик, сумалак Биби Фотима онамизга нисбат берилган ҳолда таърифланишини ўтган асрнинг 90 йилларида ёзилган мақолаларда учратиш мумкин.

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганини аниқ айтиш қийин. Шундай бўлсада, бу байрам доно ва зукко аждодлар томонидан кашф қилинган, дея оламиз. Чунки ушбу айём коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенглашиши, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жамиятда «йил боши» (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.

Аслида Наврўз жуда қадим даврларда одамлар янги деҳқончилик мавсуми бошлашдан олдин ўтказадиган баҳор байрами сифатида пайдо бўлган. Замонлар ўтиши билан байрам такомиллашиб, унга мос кун аниқланган. У «йил боши» сифатида белгиланиб, унга Наврўз, яъни «Янги кун» деб ном берилган.

Суғорма деҳқончилик билан шуғулланувчи Марказий Осиё халқлари табиат қонунларига катта аҳамият қаратган, қуёш ва ой ҳаракатларини кузатган. Шу тариқа табиатда кечадиган ўзгаришларнинг моҳиятини англашга уринганлар. Ҳар йили 21 мартда кун ва тун тенг келишини аниқлашган. Бу борада буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида кенгроқ маълумот берилган.

Гап шундаки, биз баҳорги тенгкунлик – Наврўзга алоҳида урғу берамиз. Аммо нима учундир кузги тенг кунлик – 21 сентябрдан 22 сентябрга ўтар кечасига тўғри келадиган Меҳржонга деярли аҳамият қаратилмайди.

Тўғри, ҳозир Меҳржон – ҳосил байрами Наврўзчалик нишонланмайди, аммо қадимда унинг мавқеи Наврўздан кам бўлмаган. Энг қизиғи, Японияда кузги тенгкунлик расмий байрам ҳисобланиб, 1878 йилдан бошлаб нишонлаб келинади. Мексикада, ҳатто Арманистонда ҳам кузги тенгкунликда турли тадбирлар ўтказилади.

Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида Меҳржон ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар берилган. Асарда таъкидланишича, турли халқлар орасида кузги тенгкунлик ҳосил йиғиш, қишга тайёргарлик сифатида нишонланган.

Шунингдек, тун қисқариб, кунлар узаядиган 22 декабрь ва кун қисқара борадиган 22 июнга ҳам кўпчилик эътибор бермайди. Шимолий ярим шарда баҳор фаслининг бошланиши деб қуёшнинг баҳорги кун-тун тенглиги нуқтасидан ўтиш вақти (21-22 март); ёз фаслининг бошланиши — қуёшнинг ёзги туриш нуқтасидан ўтиши (21-22 июнь); куз фаслининг бошланиши — қуёшнинг кузги тенгкунлик нуқтасидан ўтиши (22 сентябрь) ва қишнинг бошланиши — қуёшнинг қишки туриш нуқтасидан ўтиши (21-22 декабрь) кунлари қабул қилинган.

Буларнинг ҳаммаси табиат қонунлари бўлиб, бирор-бир динга алоқаси йўқ. Интернет саҳифаларида, айрим олимларнинг асарларида Наврўз ва Меҳржон зардуштийларнинг байрами сифатида талқин қилинади. Бу ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Шунингдек, Наврўз Хуросонда пайдо бўлган, деган фикрлар ҳам ноўрин. Наврўз (Янги кун) сўзининг форсча экани боис бу байрам бир халққа тегишли дейиш нотўғридир. Чунки Наврўз суғорма деҳқончилик билан бевосита боғлиқ байрам. Қадимдан келаётган одатга кўра ушбу айём нишонланишига қадар халқимиз ўз уйларини, ҳовлиларини тозалашган.

Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири бўлиб бир неча минг йиллардан бери ўзбекнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятдир. Маълумки, Наврўз Шарқ халқларида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларни намоён этган ҳолда нишонланади.

Болалик даврларимизда қишлоғимизда Наврўз нишонланар экан, кечаси билан аёллар сумалак пишириб, эрталаб дастурхонга тортишарди. Сумалак пишириш ҳам байрамга айланарди. Ҳамма топганини ўртага ташларди, тонгга қадар куй-қўшиқ ижро этилиб, ўйин-кулги бўларди. Ёш келинлар хизматга шай турарди. «Келин салом»лар айнан Наврўз кунлари ўтказиларди.

Маълумки, Рамазон ва Қурбон ҳайитларида қизлар келин кўришга боради. Бу одат ислом динида йўқ. Қишлоғимиздаги урф-одатларни ва тарихни ўрганиб шундай хулосага келдимки, қадимда қизларнинг «келин кўрар»и айнан Наврўз ва Меҳржон кунларига тўғри келган.

2009 йил 30 сентябрь куни ЮНEСКО Наврўзни инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритган эди. Қарор ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлараро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни «Халқаро Наврўз куни» сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақдаги резолюцияда мазкур байрам маданиятлараро мулоқот ва ўзаро тушунишни рағбатлантириши таъкидланади.

Шу тариқа Наврўз бирор-бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Эндиликда сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айланади. Наврўз яхши қўшничилик, дўстлик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотларни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?