Қадри ҳам, қадди ҳам юксалаётган Наманган

Яқин-яқингача иқтисодиёти ночор, камбағаллик тараққиётига тушов бўлиб турган Наманган вилояти бугун шиддат билан ривожланиб, мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Анъанавий ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги билан танилган бу замин бугунги кунда саноат, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам беқиёс салоҳиятга эга.
Агар ҳудуднинг яқин ўтмишига назар ташласак, вилоятда кўзга кўринган бирор корхонани топиш амримаҳоллигини кўрамиз. Камбағаллик даражаси юқори, муаммолар ҳар соҳада тараққиётга тўсиқ бўлганди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, рағбату эътибори туфайли вазият бугун тубдан ўзгарди. Шиддатли янгиланишлар “водий жавоҳири” бўлган ўлкага ҳам ёрқин, жозибадор муҳит олиб кирди.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг 17-18 сентябрь кунлари Наманганга ташрифи барча наманганликларга янги куч, кўтаринки кайфият бағишлади. Чунки давлатимиз раҳбарининг қутлуғ қадами етган жойда минглаб одамларнинг орзу-умидлари рўёбга чиқади, ишсизликдан қийналиб сарсон бўлиб юрганлар учун йирик-йирик лойиҳалар ишга туширилади.
Президентимизнинг вилоятда йирик саноат қувватларини ташкил этиш, иқтисодиётни ривожлантириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга доир ташаббуслари, оддий одамлар билан ўтказган самимий мулоқотлари халқимизнинг кўнглидан жой олди, эртасига ишончини оширди.
Қалбларга қувонч бағишлаган ташаббуслар
— Ташриф давомида ҳеч бир йўналиш, ҳеч бир соҳа Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Саноатдаги ўзгаришлару қишлоқ хўжалиги ва яна аҳолини иш билан таъминлаш масалалари билан яқиндан танишилди. Ҳатто вақт топиб бизнинг “Фирдавс” кундузги парвариш марказимизда ҳам бўлди, — дейди тадбиркор Сайёра Қосимова. — Юртбошимиз ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган хизмат сифати билан қизиқди. Машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилаётганига эътибор қаратди. Юртимизда ҳеч ким назардан четда қолмаслиги, бундай ижтимоий лойиҳалар миқёси янада кенгайтирилиши лозимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида ижтимоий, иқтисодий, инвестициявий ва маданий соҳалардаги ҳар бир ўзгариш, ҳар бир ривожланишга эътибор қаратади, жараёнларни янада юксалтириш борасида ўз тавсияларини беради. Бу гал ҳам шундай бўлди: вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 14 та туман ва шаҳар ҳокимлари олдига йил якунигача 4 млрд. 200 млн. доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 млрд. долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди. Бу ҳазилакам рақамлар эмас, албатта, бунинг ортида машаққатли меҳнат, ҳаракат ва аҳолининг орзу-умидлари бор.
Хусусан, Норин туманидаги 5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Шўрариқ маҳалласи тимсолида “оғир” маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳар муҳитини олиб кириши одамлар ҳаётига мазмун бағишлайди. Бундай масканларда замонавий маҳалла гузари қурилади. Болалар ва спорт майдончалари, сервис объектлари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил этилади. Кўчалар асфальт қилинади ҳамда ёритилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади.
— Бундай бўлишини кутмагандик, ҳатто тушимизга ҳам кирмаганди. Ҳозир қишлоғимизда 30 тадан ортиқ техника воситалари ишлаяпти, икки юзга яқин қувурчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Биз ҳам уларга баҳоли қудрат кўмак беряпмиз — дейди Шўрариқ маҳалла фаоли, 40 йилдан зиёд мактабда муаллимлик қилган Мўминжон Қорабоев. — Яна бир гапни айтсам, албатта, ёзинг. Президентимизнинг ўқитувчи ва устозлар меҳнатига катта эътибор қаратиб, энг муносибларга давлатимизнинг орден ва медаллари, фахрий унвонларини бергани, вилоятимизга ташрифи чоғида Тўрақўрғон туманидаги 37-мактаб ўқитувчиси Нодира Набиевани енгил автомашина билан тақдирлагани, очиғи, наманганликларни ниҳоятда хурсанд қилди. Дунёнинг бирор жойида мана шундай устозларга бўлган эҳтиромни кўрганмисиз? Бу ёшлар учун беқиёс ибрат, ўрнак олса арзийдиган эзгу фазилатдир.
Косонсой ва Норин туманларига 100 млрд. сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 млрд. сўмдан, жами 320 млрд. сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади. Бундан, энг аввало, шу ҳудудда яшовчи ёшу қари баҳраманд бўлади. Мана, сизга ислоҳотлар меваси, халқни рози қилишнинг яққол намунаси.
Ташриф чоғидаги яна бир энг муҳим ташаббус Янги Наманганни Чортоқ билан боғловчи йўлдаги 13 километрлик туну кун ишлайдиган сервис кўчани қуриш ва ишга тушириш топшириғи бўлди. Мақсад — одамларни ишдан сўнг оиласи билан ҳордиқ чиқаришига шароит яратиш. Аммо масаланинг иккинчи томонини айтмасак бўлмас, яъни шу орқали тадбиркорлар даромад топади, янги иш ўринлари пайдо бўлади, бундан давлат ҳам манфаат кўради. Аҳоли учун қулайлик яратишу бизнесга янада кенг йўл очишнинг яққол намунаси бу.
Фақат бугина эмас. Бундай сервис кўчалар Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи ва Янгиқўрғондаги 8 та жойда ташкил этилади. Косонсой маркази, Нориндаги дарё бўйлари, Чустнинг Ҳова, Янгиқўрғоннинг Нанай, Попнинг Чодак қишлоқларида Бўстонлиқдан кам бўлмаган гўзал табиат, сўлим гўшалар борлиги, бу жойларда тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида юрган ташаббускорлар ҳам жуда кўплиги таъкидланди.
Шу муносабат билан вилоят “Ислоҳотлар штаби”га тадбиркорлар билан ҳар бир туманда камида 2 тадан хушманзара жойларни танлаб, улар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Бу ҳам ташрифнинг яна бир ўзига хос ижобий самараси!
Наманган азалдан деҳқончилик ва боғдорчилик маркази бўлган. Вилоятда пахта, ғалла, мева-сабзавот ва узум етиштириш яхши йўлга қўйилган. Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, сув тежовчи усулларни қўллаш ва янги навларни экиш орқали ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Тўрақўрғонда томчилатиб суғориш орқали 5 минг гектар адир ерларни ўзлаштириш ишлари бошланганини маъқуллади. Ҳозиргача 2 минг гектар ўзлаштирилди. Шунинг 1,3 минг гектарида боғ ва узумзор ташкил этилди, 4 минг киши ишли бўлди. Илгари бу адирларга ниҳол экиш, сув чиқариб боғ яратиш имконсиз саналган. Тадбиркорлар “харажатим эртага ўзини қоплармикин”, дея адирларга сармоя тикишга ботинмаган. Давлат раҳбарининг даъвати ва маслаҳати ҳокимлар қатори бизнес аҳлига ҳам руҳ берди. Адирлар боғу роғларга айланмоқда. Ташриф чоғида Поп туманида 4 минг гектар, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларида 1 минг гектардан ерни қайта фойдаланишга киритиш вазифаси қўйилди. Бу ишлар ниҳоясига етказилса, яна юзлаб хонадонларга файз киради, фаровонлик ошади.
Гулмоҳи — даромад манбаи
Наманган халқи тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган одамлар. Балиқчиликни ривожлантириш бўйича юртимизда бошланган кенг кўламли ишлар вилоятнинг Норин туманида ҳам қанот ёзди. Бу ерда фаолият олиб бораётган “балиқчилик вилласи”га ташриф буюрсангиз, унинг соҳиби ростдан ҳам “олтин балиқ” тутиб олган деб ўйлайсиз. Халқ ичида “хонбалиқ”, “камалак”, “мармар” деб талқин қилинадиган гулмоҳи балиғини етиштириш билан шуғулланаётган “Норин фишвел” корхонасидаги ишлардан ҳайратингиз ортади.
— Гулмоҳи етиштиришни бундан тўрт йил аввал Учқўрғонда бошлаган эдик, қисқа вақтда яхшигина тажриба орттирдик, — дейди МЧЖ раҳбари Азизбек Даминов. — Энди Норинда ҳам балиқ етиштиряпмиз. Мақсад — биринчи мавсумнинг ўзидаёқ 8500 тонна парҳезбоп ва экспортга тортадиган гўшт етиштириш орқали аҳоли бандлиги ва хонадонлар даромадини ошириш.
Давлатимиз раҳбарига “Норин фишвел”даги ишлар ҳам тақдим қилинди. Тадбиркор ўзаро мулоқот чоғида навбатдаги режалари ҳақида гапириб, балиқлар озуқаси импортини чеклаб, махсус емни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришга киришаётганига алоҳида урғу берди. Демак, унинг фаолияти янада кенгаяди.
Президент иштирокида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтган йиҚилишда Норин туманидаги балиқчилик кластерининг ишлари, хусусан, Хўжақўрғонча маҳалласидаги хонадонлар кластер билан кооперация асосида ишлаб, йилига ҳар бири 150 млн. сўмгача даромад кўраётгани юқори баҳоланди. Бу тизимни оммалаштириб, Учқўрғон ва Норин туманларидаги 1 минг хонадонда гулмоҳи етиштиришни йўлга қўйиш, 1 сотихли 350 та сунъий ҳовуз ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш муҳимлиги таъкидланди. Нидерландиялик ҳамкорлар билан йилига 20 минг тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ҳам айтилди.
Жаҳон бозорида Наманган бренди
— Бугунги кунда вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми тўқимачилик соҳасига тўғри келади. Бунда, албатта, бренд билан ишлаш бўйича республикада етакчи ҳисобланган компаниямизнинг ҳам ҳиссаси бор, — дейди “Aisha Home Tektile” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона асосчиси, “Шуҳрат” медали нишондори Жобир Камолитдинов. — Ниятимиз — юқори сифат орқали рақобат жуда кучли бўлган жаҳон бозорида янада мустаҳкам ўрин эгаллаш, экспортни яна кўпайтириш. Президентимиз бу борада бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Тез орада инвестиция олиб келиш ва брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун алоҳида лойиҳа офиси очиладиган бўлди. Шунингдек, халқаро сертификат олган тўқимачилик корхоналари сонини 50 тадан ошириш вазифаси ҳам белгиланди. Мутасаддиларга йил якунигача Варшава ва Лондонда камида 1 минг квадрат метрли савдо уйларини ташкил қилиш топширилди.
Вилоятда бу йил тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 500 млн. долларга етказиш, икки йилда 1 млрд. долларлик 25 та йирик лойиҳани ишга тушириш имкониятлари мавжуд. Бу нафақат вилоят иқтисодиётига, балки республика Қазнасига ҳам қўшимча даромад олиб келади. Шу орқали биз дунё бозорида Ўзбекистон тамғаси босилган тайёр маҳсулотлар салмоғию миқдорини сезиларли даражада оширамиз.
Ҳа, ҳудуд бугун иқтисодий имконият жиҳатдан мутлақо янги манзилга айланди. Ўтган даврда вилоят тўқимачилик саноатида йирик бренд компаниялар вужудга келди. Мана ўша брендлар: “Art Soft Tex Group”, “Uztex Group”, “Adim”, “Ideal”, “Vakkoni”, “D.Maretti”, “Nazmantexi”. Бу корхоналар бугун дунёнинг энг машҳур, иқтисодий жиҳатдан бақувват брендларига маҳсулот сотаётгани, бу — Ўзбекистонда узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотларга хорижий экспертларнинг, йирик компанияларнинг яна бир холис баҳосидир.
Таққос учун айтадиган бўлсак, 2017 йилгача вилоят экспорт географиясидан, асосан, МДҲ мамлакатларигина жой олган холос. Бугун 60 га яқин давлатлар билан экспорт локацияси бойиди. Натижада 2025 йилда ҳудуднинг экспорт кўрсаткичи 4 баробар ошди.
Йил бошидан вилоятга 1 млн. 200 минг хорижий, 2 млн. маҳаллий сайёҳ келди, туризм экспорти 200 млн. доллардан ортди. Бунда ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Халқаро гуллар фестивалининг ўрни катта. Ҳозир Наманган аэропорти туристлар оқимига кичиклик қилмоқда. 140 млн. доллар инвестиция ҳисобига Наманган аэропорти реконструкцияси бажарилмоқда. Янги терминал ишга тушса, йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Шунга мос равишда туризм инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Агар Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири — Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солиниб туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш имконияти яратилса, даволанишга келган одамлар вақтини мазмунли ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли имконият бўлса, Чортоқ водийнинг туризм хабига айланиши муқаррар. Мазкур лойиҳа учун 50 млн. доллар ажратилиши унинг жозибадорлигини оширади.
Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида жорий йилда “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади. Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед эко-йўлаклари қурилади. Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади. “Чортоқ” сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар очилади. Яна бир йирик лойиҳа — Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 млн. сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм комплексига асос солинади.
— Албатта, мазкур лойиҳалар ижроси маънавий жиҳатдан етук, хорижий тилларни ўз она тилидек мукаммал биладиган мутахассислар тайёрлашни ҳам талаб этади. Ҳар доим юртимиз ёшларини ўз фарзандидек эъзозлайдиган, уларнинг таълим олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун жонкуяр бўлган Президентимиз бу муҳим йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Кейинги ўқув йилидан бошлаб Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинадиган бўлди. Бу ташаббус келажакда миллий қадриятларимизни, маданият ва маънавиятимизни чет эллик сайёҳлар олдида тарғиб этишга, шу орқали Наманганнинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган бу хушхабар ҳам вилоятимиздаги барча зиёлилар юрагига ёруғлик олиб кирди, — дейди республика “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раҳбари, сенатор Икромхон Нажмиддинов.
Дарҳақиқат, Наманган тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва табиий гўзалликларга бой. Бу ҳам туризмни ривожлантириш учун катта имконият. “Чортоқ” санаторийси, “Ахсикент” археология мажмуаси, “Мингбулоқ” минерал сувлари каби масканлар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун катта салоҳиятга эга. Янги йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, аэропортни модернизация қилиш ва темир йўл тармоғини кенгайтириш орқали вилоятнинг транспорт салоҳияти оширилмоқда. Электр энергияси, сув таъминоти ва телекоммуникация тизимларини такомиллаштириш орқали аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва иқтисодий ривожланишни таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Шунга қарамай Наманганда йўл, ичимлик суви, уй-жой каби ҳаётий зарур инфратузилмани ривожлантириш ҳам энг долзарб масалалардан бўлиб қолаётир. Негаки, Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманлари аҳолисини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўлдаги тирбандлик қийнаб келаётган эди.
— 63 млрд. сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилаётгани айни муддао бўлди, — дейди маҳалла фаоли Роман Мақсудов. — Бу Уйчи орқали Учқўрғон ва Норин туманлари марказига етиб боришни 20 — 25 километрга, Нориндан Балиқчига йўлни 35 — 40 километрга қисқартириши бизни жудаям қувонтирди. Вилоят марказини пойтахт билан боғлайдиган, кунига 15 минг транспорт ҳаракатланадиган Пунгон — Наманган йўлининг 75 километри реконструкция қилиниши, йўл 246 млн. доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали усулда қурилиши, 34 та кўприк, 22 та пиёдалар ўтиш жойи барпо этилишини эшитган катта-кичик, ёшу қарининг қўли дуода.
Наманганда эришиладиган натижалар, ўзгаришлар ва янгиланишлар осонликча юзага чиқмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бунинг ортида катта сиёсий ирода, узоқни кўра билиш, адолатли бошқарув ва юксак салоҳият, кучли иқтисодий таҳлилга таянган зукколик мужассам. Президентимиз ташрифи чоғида билдирган бу лойиҳаларнинг янада пишиқ ва пухта бўлиши учун неча тунларни бедор ўтказгани, бу эзгуликлар халқимиз ҳаётида ҳақиқатга айланишини астойдил истагани рост. Ўз навбатида, тадбиркорлар қатори тўкинлик сари интилаётган одамлар буни юракдан ҳис этиб, янги бизнес лойиҳаларни амалга оширишга тезкорлик билан киришгани қувонарлидир. Қутлуғ ташрифнинг тотли мевалари, ҳеч шубҳасиз, яқин келажакда Наманганнинг иқтисодий салоҳиятида, иш ўринлари яратилиши ва аҳоли даромадларининг кўпайиб, турмуш шароитлари янада яхшиланишида намоён бўлиши муқаррар.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ,
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг