Қадимги тарихга эътибор ёхуд Учинчи Ренессанс пойдевори ва туризм ривожига ҳисса

16:11 18 Август 2025 Жамият
295 0

Қуйи Амударё бўйлари, Хоразм воҳаси дея табиий географик жиҳатдан айтиладиган ҳудудда неча асрларки ўзбек, қорақалпоқ, туркман халқлари дўст, биродар яшаб келишмоқда ва давлат тараққиётида бу миллатларнинг ўзига хос ўрни бор. Шу боисдан ҳам дўст, аҳил, иноқ миллатларнинг тарихи сингари, бугуни ва келажаги ҳам баҳамжиҳат тараққиётга асосланган. Айниқса қадимий Хоразм давлатчилигига оид айнан Қуйи Амударё бўйларининг ҳар иккала соҳилида жойлашган қалъалар ҳудудда яшаётган халқларимизнинг фахру ифтихор рамзидир. 1000 йил олдин ушбу ҳудудда ташкил топган дунёда ягона ҳисобланган Маъмун академияси ҳам илм фаннинг ривожидаги асосий далиллардан биридир. Дунё олимларининг эътироф эшитича, “Дорул ул ҳикма” номини олган мазкур илмий муассаса нафақат ўз минтақаси, балки бутун дунё учун акселератор вазифасини ўтаган. Ушбу даргоҳда Беруний (973-1048), Ибн Сино (980-1037), Абу Мансур Ибн Ироқ (958-1036), Абу Саҳл Масиҳий (970-1042), Абул Ҳайр Ибн Ҳаммор (942-1018), Абу Мансур ас-Салобий (961-1038), Абу Али Ибн Мисковайҳ, (вафоти 1030) каби кўплаб фан намояндалари илмий-тадқиқотлар олиб боришгани фикримиз тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида айнан Хива шаҳрида Маъмун академияси ёнидаги аллея боғида Хоразм мутаффакирлари ва олимларига бағишлаб “смарт” очиқ осмон остидаги музей барпо этилиши билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтди. Бу, ўз навбатида, дунё олимлари ва сайёҳлар учун алломаларнинг ҳаёти, ютуқлари ва қолдирган дунёвий илмий мероси ҳақида интерактив тарзда бир неча тилларда маълумотлар олишга муваффақ бўлишади. Ушбу музейнинг Маъмун академияси ёнида барпо этилиши сайёҳ ва олимларнинг мозийдаги Маъмун академиясини, бугунги фаолияти ва академия лабораторияларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишишга, қолаверса, ҳамкорлик қилишга катта имкон яратади.

Шунингдек, Маъмун академиясидан икки аср олдин Бағдодда “Байтул ҳикма” академиясига раҳбарлик қилган ватандошимиз математик ва астрономия фанида чуқур из қолдирган, ўзининг оламшумул кашфиётлари билан дунё илми тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган аллома, буюк математик Муҳаммад ибн Мусо Ал Хоразмий номига бағишлаб Ал Хоразмий университети ва мактабининг ташкил этилиши ҳам ёшлар учун жуда катта имконият, буюк келажак, Учинчи Ренессанс пойдевори, десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу мактаб ва университетда таҳсил оладиган, томирларида Ал Хоразмийнинг қони оқиб турган ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар АКТ, сунъий интеллект, математика каби фанларни чуқур ўзлаштириб, хорижий талаба ва ўқувчилар билан бемалол баҳслаша оладиган даражага эришади. Ўйлаймизки, Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган бундай ғамхўрликлари, албатта, улар орасидан Нобель соҳиблари ва бошқа халқаро мукофотлар совриндорлари етишиб чиқишига асос бўлади.

2700-3000 йиллик тарихга эга Ўзбекистонга бугунги кунда сайёҳларнинг қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда. Чунки бу замин илмда, курашда, маданиятда, қолаверса, меҳмондўстликда бошқа давлатлардан алоҳида ажралиб туради. Шу ерда барча даврларнинг энг таниқли саёҳатчиси, қуруқлик ва денгиз орқали 75 000 мил (120 минг км) масофани босиб ўтган буюк Ибн Алл Баттутани фикрини айтиб ўтиш жоиздир. “Дунёдаги ҳеч бир ўлкада Хоразмдагидек олийжаноб, маърифатпарвар, ҳунарманд, меҳмондўст ва гўзал элни кўрмадим”.

Шулардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудидаги қадимий қалъалар фақат тарихга оид меъморий обидалар бўлибгина қолмай, Ўзбекистон Республикаси тараққиётида муҳим ўрин тутувчи туризм истиқболи учун ҳам хизмат қилади. Шу боис ҳам Президентимиз туризм билан боғлиқ устувор вазифаларга кенг тўхталди. Бу борада эса Амударёнинг ҳар иккала соҳилидаги Хоразм давлатчилигига оид қалъалар бўйлаб туризм йўналиши ташкил қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Президент ўз нутқида “Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъани (Қипчиқ қалъа, Катқалъа, Аяз-Қалъа ва Тупроққaлъа археологик ёдгорликлари), Султон-Увайс мақбараси, Ахчакўлни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилишини маълум қилди. Ушбу қалъалар атрофида мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади”, дея туризм истиқболи учун хизмат қиладиган, халқлар ўртасидаги дўстлик билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Маълумки, Хоразмга келган сайёҳ, албатта, Қорақалпоғистон ҳудудидаги қадимий қалъалар, Нукус шаҳридаги муҳташам И.В.Савицкий музейи, Оролбўйидаги Мўйноқ табиат музейига ҳам боришни хоҳлайди. Ва бу истак ҳар иккала маъмурий ҳудудга келадиган сайёҳлар учун ўзига хос жозибали туристик йўналишга айланади. Табиийки бу хоҳиш-истак тўлақонли амалга ошиши инфратузилмага ҳам боғлиқдир. Бу борада эса транспорт йўли энг қулай. Транспорт йўлининг замонавийлиги эса фақат туристлар учунгина эмас, шу ҳудудда яшовчи халқлар учун ҳам яратиладиган имконият ва шароит ҳисобланади. Яъни бундай туризм ўзига хос сервисларни ҳам тақозо қиладиган, кўплаб соҳаларни бир-бирига боғлайдиган истиқболли йўналишга мосланади.

Айнан шу боис ҳам Қорақалпоғистон ва Хоразмни боғлаб турган транспорт йўли Президент маърузасида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қорақалпоғистондан Хоразмга келадиган йўл сифати ёмонлиги боис йилига 300-400 минг турист жалб қилиш имконияти қўлдан бой берилмоқда. Масъулларга “Урганч – Гурлан – Манғит” йўлини реконструкция қилиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокара ўтказиш вазифалари топширилиши, ушбу муаммоларни бартараф қилишда қулай туризмни ривожлантиришда истиқболли натижадир.

Икки кунлик ташриф, унда кўтарилган долзарб вазифалар, истиқболли соҳалардан бири бўлган туризмга эътибор берилиши, бу борада эса Хоразм -Қорақалпоғистонга алоҳида ўрин ажратилиши давлат раҳбарининг воҳа халқларига бераётган алоҳида ғамхўрлигини ёрқин ифодасидир.

Икрам АБДУЛЛАЕВ,

Хоразм Маъмун академияси раиси,

б.ф.д., профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?