ПСЖ ёки «Бавария». Қайси жамоа кучлироқ?

10:37 04 Ноябрь 2025 Спорт
273 0

5 ноябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигасининг 4-тури доирасидан ўрин олган баҳслар бошланади. Турнинг «марказий ўйинлари»дан бири Париж шаҳрида бўлиб ўтади. Унда мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖ клуби ўз майдонида Германия чемпиони «Бавария»ни қабул қилади. Биз ўйин олдидан жамоаларнинг имкониятларини солиштириб чиқамиз.

Ўзаро ўйинлар тарихи

«Бавария» ва ПСЖ жамоалари расмий мусобақалар доирасида жами 16 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 14 таси УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида, 1 таси Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ва яна бири Халқаро чемпионлар кубоги тижорий турнири доирасида бўлиб ўтган.

«Бавария» клуби 9 та ўйинда ғалаба қозонган. Бу барча учрашувларнинг 56 фоизи дегани. 7 та ўйинда ПСЖнинг қўли баланд келган. Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинларда бирорта дуранг натижа қайд этилмаган.

Ушбу ўйинларда «Бавария» рақиби дарвозасига 22 та гол киритган. ПСЖ эса шу вақтга қадар «мюнхенликлар» дарвозасига 18 марта йўл топа олган.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳақида гап кетса, кўпчилик 2020-йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси финалини эслайди. Коронавирус эпидемияси туфайли марказлашган ҳолда ўтказилган ушбу турнирнинг ҳал қилувчи ўйинида «Бавария» клуби француз футболчиси Кингсли Коман томонидан киритилган гол эвазига «француз клуби»ни мағлуб этган.

Мазкур жамоалар ўртасидаги яна бир эсда қоларли баҳс 1997-йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси турнири доирасида бўлиб ўтган. Ушбу ўйинда «Бавария» жамоаси ўз майдонида 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Айни шу баҳсда қайд этилган ҳисоб ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижа сифатида мухлислар ёдида қолган.

«Бавария» ва ПСЖ клублари сўнгги бор 2025-йилнинг 5-июл санасида янги форматда ташкил этилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати турнири доирасида бўлиб ўтган. Ушбу баҳсда «парижликлар» Усман Дембеле ва Дезире Дуэ томонидан киритилган голлар эвазига Винсент Компани бошчилигидаги жамоани мағлуб этган.

Жамоаларнинг бу йилги натижалари

«Бавария» айни пайтда Германия Бундеслигасида 27 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа 2025-йилги мавсумда ғалабали серия қайд этмоқда. Жамоа мавсум бошида қаторaсига 15 та ўйинда ғалаба қозонган ҳолда Европа ТОП-5 клублари тарихидаги рекорд натижага эга бўлди.

Жамоа Бундеслига доирасида ўтган баҳсларда «Лейпциг», «Аугсбург», «Гамбург», «Вердер», «Хоффенҳайм», «Айнтрахт», «Боруссия Дортмунд», «Боруссия Менхенгладбах» ва «Байер Леверкузен» каби жамоаларни мағлуб этган.

УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида ўтган дастлабки 3 та ўйинда эса Англиянинг «Челси», Кипрнинг «Пафос» ва Бельгиянинг «Брюгге» клублари устидан ғалаба қозонди.

ПСЖ жамоаси учун ҳам мавсум жуда яхши ўтмоқда. Клуб УЕФА Суперкубоги доирасида «Тоттенҳем»ни мағлуб этиш орқали мавсумни соврин билан бошлади.

Франция Биринчи дивизионида «Нант», «Анже», «Тулуза», «Ланс», «Осер», «Брест», «Ница» каби жамоаларни мағлуб этди. «Марсель», «Лориан», «Страсбург», «Лилль» клублари билан эса дуранг ўйнади.

УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида Луис Энрике бошчилигидаги жамоа «Барселона», «Байер» ва «Аталанта» клубларини мағлуб этди.

«Бавария» ва ПСЖнинг бу йилги кўрсаткичлари

Урилган гoллар:

«Бавария» – 45

ПСЖ – 34

Ўтказиб юборилган гoллар:

«Бавария» – 6

ПСЖ – 12

Тўп назорати:

«Бавария» – 64 фоиз

ПСЖ – 72 фоиз

Тўп узатмалар аниқлиги:

«Бавария» – 90 фоиз

ПСЖ – 92,5 фоиз

Тўп учун курашларда устунлик:

«Бавария» – 46 фоиз

ПСЖ – 46 фоиз

Ҳар ўйиндаги ўртача зарбалар сони:

«Бавария» – 9

ПСЖ – 7

Жамоаларнинг ютуқ ва камчиликлари

ПСЖ клубининг устун жиҳатлари

1. Жамоа ҳужум чизиғи жуда кучли — Дембеле ва бошқа тезкор футболчилар қарши ҳужумларда рақибни жазолай олади.

2. Марказий чизиқда юқори даражадаги назорат ва прессинг мавжуд бўлиб, бу рақибга тўпни узоқ вақт ушлаб туришга йўл қўймайди.

3. Клуб таркиби жуда кенг ва захира футболчилари ҳам юқори савияда. Шу боис мавсум давомида кучни йўқотмайди.

ПСЖнинг камчиликлари

1. Чидемлилик ва концентрациянинг пастлиги охирги дақиқаларда жамоа ўйинига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

2. Реализацияда муаммолар бор. Жамоа кўплаб ҳужумлар ташкил этмоқда, аммо уларнинг кўп қисми зарбагача етмаяпти.

3. Мураббийлик стратегиясида барқарорлик етишмайди. Турли ўйинларда тизим тез-тез ўзгариб туради ва бу футболчиларнинг бир хил схемага мослашишини қийинлаштиради.

«Бавария» клубининг устун томонлари

1. Ҳужумдаги креативлик ва Ҳарри Кейннинг ўйинга таъсири. Жамоа ҳужумни давом эттиришда бир қанча услублардан фойдаланаётганини кўрдик. Айнан шу креативлик эвазига «Бавария» ҳозирда мусобақада энг кўп гол киритган жамоа ҳисобланади.

2. Таянч ярим ҳимоядаги устунлик. Жамоа ҳар бир ўйинида асосий эътиборини майдон марказига қаратмоқда. Статистикага кўра, «Бавария» сўнгги ўйинларда 64 фоиздан ортиқ тўп назоратига эга бўлди. Бунда албатта боғловчи ярим ҳимоячиларнинг ҳиссаси катта.

3. Ҳимоядаги ишончли ўйин. Жамоа жорий мавсумда ўтказган 15 та баҳсда бор-йўғи 6 та гол ўтказган. Ҳатто ҳимоякор ўйин кўрсатаётган айрим жамоаларнинг кўрсаткичлари ҳам «Бавария»никидан ёмонроқ.

«Бавария»нинг камчиликлари

1. Жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатаётгани учун қарши ҳужумлардан гол ўтказиб юбормоқда. Айниқса, бунда қанот ҳимоячиларининг тезлиги масаласи муаммо бўлмоқда.

2. Захирадаги ўйинчилар сони ва сифати етарли эмас — асосий футболчиларнинг жароҳат олиши ёки чарчаши жамоанинг ўйин ритмини пасайтирмоқда.

3. Жамоа кучли прессингга бардош бера олмаётгандек туюлмоқда. «ПСЖ» билан ўйинда бу нарсани аниқ кўриш мумкин бўлади.

Йўқотишлар

Ушбу ўйин олдидан ҳар икки жамоада йўқотишлар бор.

«Парижликлар» сафида бу ўйинни сўнгги баҳсда «Бавария» дарвозасига гол киритган Дезире Дуе ўтказиб юборади. Шунингдек, Кан Ин Ли ва Фабиан Руиснинг ҳолати номаълум.

«Бавария»да эса Жамал Мусиала, Хироки Ито ва Алфонсо Девис ушбу ўйинда иштирок эта олмайдилар.

Сўнгги сўз

Ўйин Парижда бўлиши ва немис клубида жиддий йўқотишлар борлиги сабабли ушбу баҳсда мезбонларни фаворит сифатида эътироф этиш мумкин. Аммо «Бавария» TOP-5 жамоалари орасида мағлубиятсиз серия қайд этиб келаётган жамоа. Улар ҳам осонликча таслим бўлмаслиги аниқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?