Профилактик ҳисобда турувчи ёшлар «Жасорат мактаби»да сабоқ олишди
Фото: Халқ сўзи
Тарбияси оғир болалар билан ишлашда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бир қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар катта аҳамият касб этмоқда. «Жасорат мактаби» лойиҳаси улар орасида ўз кўлами, стратегик мақсади билан алоҳида ажралиб туради. Яқинда Бухоро вилоятидаги «н» ҳарбий қисмда шу лойиҳа доирасида йиғин ташкил қилинди. Унга ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи, тарбияси оғир 100 нафар ёш жалб этилди.
— Лойиҳа аввалида иштирокчилар ёш автоэлектриклар, ёш двигатель усталари, ёш пайвандчилар, ёш чилангарлар гуруҳларига ажратилиб, уларга ҳарбий қисмнинг малакали офицерлари бириктирилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Шоҳижаҳон Обидов. — Ёшларнинг дунёқараши, жамиятдаги ўзгаришларга муносабати, уларнинг яшаш ҳудудларидаги ижтимоий ҳолат ҳамда касб-ҳунарга қизиқишларини аниқлаш мақсадида «Ўз ўзини бошқариш ва идрок этиш» мавзусида психологик тренинглар ва турли сўровномалар ўтказилди. Уларнинг ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишлари учун руҳий мадад берувчи психологик ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, йиғин иштирокчилари билан эрталабки бадантарбия, тиббий ва саф кўриги, жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, жанговар ва спорт ҳамда маънавий-маърифий тайёргарликка оид, жумладан, мерганлик, муҳандислик, алоқа,тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, ҳарбий топография каби ҳарбий фанлардан ўн кун мобайнида машғулотлар олиб борилди.
Шунингдек, йиғин иштирокчилари учун Бухоро вилоят мусиқали драма театри томонидан «Тўда» спектакли намойиш этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ва вилоят маданият бошқармаси бадиий жамоаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ватан тинчлигига барчамиз масъулмиз» деб номланган концерт дастури ҳам ёшларда илиқ таассурот қолдирди. Шахмат, футбол, волейбол, ҳарбий эстафета турлари бўйича мусобақалар, «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди.
«Жасорат мактаби» ўқув-йиғини якунида мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ҳамда машғулотларда фаол қатнашган 36 нафар иштирокчи махсус диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, вилоятда ҳозир профилактик ҳисобда турган ёшлар сони 1785 нафарни ташкил этади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Остонадаги кинотеатрда йирик ёнғин юз берди (+видео)
- Инсон ҳаётидаги босқичли даврлар. Қариш жараёни бир текис кечмаслиги маълум бўлди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг