Президент: «Юқори технология ва янги компетенцияларни олиб кирган, экспортга ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади»

12:36 26 Декабрь 2025 Сиёсат
124 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантираётганини айтиб ўтди.

Жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди. Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестицияни жалб қилиш мўлжалланган.

Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

«Яъни юқори технология ва янги компетенцияларни олиб кирган, экспортга ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади», деди давлатимиз раҳбари.

Бундай стратегик инвесторларга лойиҳа учун ерлар бозор қийматида тўғридан-тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш учун инвесторлар идорама-идора юрмайди. Уларга «ягона дарча» тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган электрон платформа ишга туширилади ва барча вазирликлар унга уланади.

Эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендлари жалб қилинади. Ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади.

Улар учун махсус инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади ва халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, буларнинг барчаси келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 1 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш, сармояларни қисқа фурсатларда жалб қилиш ва уларнинг самарадорлигига масъул, фақат ва фақат инвестиция билан ишлайдиган алоҳида янги тизим яратилиши белгиланди. Бундан ташқари, маҳаллий саноат ва кооперацияни ривожлантириш бўйича ҳам худди шундай алоҳида тизимни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

«Умуман, иқтисодиётни рақобатдош қилиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш, саноат тармоқларини технологик трансформация қилиш мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади», деди Президент.

Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади.

Бу жараёнда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш марра сифатида белгиланади.

Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.

Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер