Президент вазирлар ва ҳокимлар олдига кейинги йил учун аниқ вазифалар қўйди

17:53 25 Ноябрь 2025 Сиёсат
277 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Ургут мисолида имкониятларни таҳлил қилиб, вазирлар ва ҳокимлар олдига кейинги йил учун аниқ вазифалар қўйди. Ургутда барча имкониятларни сафарбар қилиб, келаси йил камбағаллик ва ишсизликни 2 фоиздан тушириши кераклиги таъкидланди.

Ургутда 1,5 мингта саноат корхонаси бўлсада, айримлари фаолият кўрсатмаяпти, ишлаётганлари ҳам мавжуд қувватидан тўлиқ фойдаланмаяпти.

Мутасаддиларга «Ургут» иқтисодий зонасига кирувчи 14 та туман ҳокими билан ишни тўғри ташкил қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини 20-30 фоизга қисқартириш топширилди.

Масалан, янги темир йўл линияси ҳисобига Ургут ва Тойлоқдаги 1 минг 200 та саноат корхонасининг ташиш харажатлари арзонлашиб, таннарх 6-8 фоизга қисқаради.

Агар темир йўл бўйлаб 3 та замонавий логистика маркази қурилса, Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур ва Самарқанд туманидаги 2 мингга яқин саноат корхоналарининг ташиш харажатлари яна 10-15 фоизга арзонлашиши кўрсатиб ўтилди.

«Ургут» саноат зонасига кооперация олиб кириб, маҳсулотларни «эҳтиёт қисмлар – тайёр маҳсулот» занжири асосида ишлаб чиқариш орқали таннархни 5 фоиздан 15 фоизгача камайтириш мумкин.

Рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектни жорий қилиш орқали ҳам ишлаб чиқариш самарадорлиги 20 фоизга ошади, операцион харажатлар 20-25 фоизга камаяди.

Мутасаддиларга туман саноатининг 70 фоизини берадиган 43 та корхонага шу ишларни қандай ташкил қилишни ўргатиш топширилди.

«Ургут» эркин иқтисодий зонасини 287 гектари адирда жойлашгани учун инфратузилма олиб бориш 2-3 карра қимматлашмоқда.

Агар бу ерлар қулай ҳудудларга алмаштириб берилса, инвесторлар 560 миллион долларлик 80 та лойиҳани амалга оширишга тайёр.

Масъулларга йил якунигача саноат зоналаридаги бўш ерларни таҳлил қилиб, самарасиз ҳудудларни бошқасига алмаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?