Президент спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга эзгу тилак билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда қайд этилишича, таэквондо бўйича терма жамоамиз биринчи марта Паралимпия ўйинларида 3 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.
Енгил атлетика бўйича вакилларимиз эса биринчи марта 8 та олтин медални, яъни энг юқори совринларнинг 80 фоизини эгаллаганлари алоҳида диққатга сазовордир.
“Бир сўз билан айтганда, сизлар Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлоди сифатида майдонга чиқиб, мамлакатимизга мислсиз улкан ютуқлар олиб келдингиз.
Мана, биз мақсад сари чин дилдан интилсак, қандай буюк марраларни эгаллашга қодирмиз!
Мана, биз бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсак, қандай буюк халқ, қандай буюк Ватанмиз!”, деди Президент.
Давлатимиз раҳбари бу гал озгина омад етишмаган бўлса-да, Ватанимиз шарафини бор куч-ғайрати билан ҳимоя қилган, қизғин беллашувларда катта тажриба орттирган спортчиларимиз – пара дзюдочилар Турғун Абдиев, Улжон Амриева, Шоҳруҳ Мамедов, Феруза Эргашева ва пара каноэчи Шаҳзода Мамадалиевани ҳам самимий табриклаб, келгуси мусобақаларда уларнинг барчасига зафар ёр бўлишини тилади.
“Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас.
Очиқ айтиш керакки, бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман.
Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор.
Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир. Сизлар эришган ғалабаларда уларнинг ҳам албатта муносиб ҳиссалари бор”, деди Президент.
Давлатимиз раҳбари қаҳрамон спортчиларимизнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга энг эзгу тилаклари ва ҳурматини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг