Президент Қаҳрамон Қуронбоевга топшириқ берди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида бўлди ва у ердаги шароитлар билан танишди.
Бу ҳақда «Махсус ракурс» кўрсатувида маълум қилинди.
Президент меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилардан қандай муаммолари борлигини сўраган. Улардан «Менга тушунтиринглар қани, директорингизга қарамасдан, нима муаммоларинг бор?», дея сўраган.
Шунингдек, Президент меҳрибонлик уйи ходимларидан бирининг болалар бу ерга тушмаслиги учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги фикри билан қизиққан. «Мен бу ерга нима учун келдим, эртага бу масала бўйича қарор қабул қилмоқчиман», деган давлат раҳбари. Ходимлар тарбияланувчиларнинг меҳрибонлик уйига келиб қолишларини оиладаги бахт, яшаш жойидаги муаммолар, етишмовчиликлар билан изоҳлаган.
Президент ушбу ташриф болаларнинг ёдида узоқ йиллар сақланиб қолиши кераклигига урғу берган. Шавкат Мирзиёев Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоевга юзланиб меҳрибонлик уйидаги 60 нафар боланинг ҳар бири учун эсдалик совғаси бериш топшириғини берган.
«Ҳар биттасига алоҳида совға бериш керак. Кичкина компьютер эмас, уларга бир эсдалик қолиши керак», деди Президент.
Шундан сўнг давлат раҳбари болалар билан эсдалик учун суратга тушган.
«Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз. Бир марталик эмас, қонун жиҳатидан. Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин», дея болалар билан хайрлашган Шавкат Мирзиёев.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг