Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади

14:43 30 Сентябр 2024 Сиёсат
194 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусий боғчалар каби 6 минг 800 та давлат боғчаларида ҳам давомат, тўловлар, озиқ-овқат харажатларини шакллантириш тўлиқ рақамлаштирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида маълум қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, шу тариқа йилига 10 фоиз маблағ тежалади.

Иқтисод қилинган пуллар “Таълимни ривожлантириш” жамғармасига йўналтирилиб, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва маҳоратли ўқитувчиларни рағбатлантиришга сарфланади.

Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади.

Ушбу йўналишда яна 1 мингта умумтаълим муассасасида Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблардаги баҳолаш тизимини жорий этиш бошланди.

Лекин, уларнинг 300 тасида моддий-техник база талабга мутлақо жавоб бермайди.

Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳар ҳафтада мактаблардан хабар олиш, камчиликларни бартараф этиш, муаллимлар билан яқиндан суҳбат қуриб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ишларини кучайтириш топширилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига янги баҳолаш тизими татбиқ қилинаётган, лекин таъмирга муҳтож 300 та мактабни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини олти ой муддатда якунлаш вазифаси қўйилди.

Бундан буён ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари фаолиятига баҳо беришда таълимнинг сифати, мактаблардаги шароит, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати асосий мезонлардан бири бўлиши белгиланди.

Мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил этилади.

Кластер тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги педагогика коллежларида барпо этилади ва ҳудудлардаги педагогика институтлари бошқарувида бўлади.

Андижон ва Бухоро педагогика институтлари бунга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 25 миллиард сўмдан ажратади.

Иқтидорли ёшларни селекция қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.

Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади.

Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчига – 170 миллион сўм, кумуш медалга – 102 миллион сўм, бронза медаль учун – 68 миллион сўм мукофот пули берилади.

Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади.

Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган фарзандларимизни тантанали кутиб олиб, уларни ҳам қаҳрамонлар сифатида эъзозлаб, халқимизга танитиш зарурлиги таъкидланди.

Бу йил 14 та мактабда педагог касбига қизиққан 10-11-синф ўқувчилари учун алоҳида синфлар ташкил этилди.

Келгуси ўқув йилидан яна 60 та мактабда, жумладан, 10 та ихтисослашган мактабда бу тажриба жорий қилинади.

Келажакда ушбу синфларни тамомлаган ўқувчилар шу йўналишдаги олийгоҳларга кирса, уларга 2-курсдан мактабга бориб касбий маҳоратини ошириши учун имконият яратилади. Алоҳида қобилиятга эга талабаларга дарс ўтгани учун ойлик ҳам тўланади.

Президентимиз педагогика йўналишидаги олийгоҳларда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун Абдулла Авлоний номидаги стипендияни ташкил этишни таклиф қилди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?