Президент мактаби ўқувчилари халқаро олимпиадаларда қандай натижаларга эришмоқдалар?

13:34 17 Декабрь 2019 Жамият
1953 0

Президент ташаббуси билан ташкил этилган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари дастлабки муваффақиятларни қўлга киритмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, яқинда Қатар давлатининг Доҳа шаҳрида ўтказилган Халқаро ёшлар илм-фан олимпиадаси (IJSO-2019) да ўзбекистонлик ўқувчилар илк бор иштирок этиб, доимий аъзолик ҳуқуқига эга бўлган. Мазкур олимпиадада Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Маджидов бронза медали билан тақдирланган.

Ушбу мусобақада 70 та давлатдан 409 нафар ўқувчи, жумладан, Жанубий Корея, Хитой, Гонконг, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия каби таълим тизими ривожланган давлатлардан иқтидорли ўқувчилар қатнашган.
 

Яна бир ажойиб хушхабар бизни узоқ куттирмади: ўзбекистонлик ўқувчиларнинг янги ғалабаси якун топаётган йил сарҳисобида зарҳал ҳарфлар билан битилди. Шу йилнинг 10-15 декабрь кунлари Озарбайжон Республикасининг пойтахти Баку шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган III Халқаро интеграциялашган, яъни бир вақтда математика, физика, кимё фанлари бўйича ўтказилган фан олимпиадасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари муносиб иштирок этиб, юртимиз донғини яна бир бора дунёга танитдилар. Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Дониёр Воисов бронза медали совриндори бўлди. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабининг 3 нафар ўқувчиси: Анвар Рахматов 2-ўрин, Севара Остонова 3-ўрин, Тўймурод Қодиров фахрли иштироки учун диплом билан тақдирланди.

Мазкур халқаро билимлар беллашуви 2013 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу йил унда Беларусь, Грузия, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Эстония ва Ўзбекистондан ўқувчилар қатнашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?