«Президент кубоги 2024»: Нодирбек Абдусатторов турнир ғолиби бўлиши деярли имконсиз

13:45 28 Ноябрь 2024 Спорт
396 0

Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида давом этаётган нуфузли «Президент кубоги» халқаро мусобақасининг 7-тур учрашувлари ортда қолди. 7-турнинг марказий учрашувида биринчи рақамли шахматчи Нодирбек Абдусатторов (2777) ҳиндистонлик Пураник Абҳиманю (2682) билан дуранг ўйнади. Бу натижа Нодирбекнинг чемпионлик имкониятларини пасайтирган бўлса-да, унинг умиди ҳали сўнмаган. Назарий жиҳатдан ҳали имконият сақланиб қолган, аммо амалда буни уддалаши бошқа шахматчиларга боғлиқ бўлиб қолади.

Пешқадамликни қўлга киритган Ортиқ Ниғматов (ИМ, 2447) 7-турда қора доналарда ҳиндистонлик гроссмейстер Ниҳал Сарин (2676)га мағлуб бўлди ва 5-ўринга тушиб кетди. Ниҳал Сарин эса ушбу ғалаба туфайли ҳисобидаги очколарни 6 тага етказиб, 2-ўринга кўтарилди. Қизғин курашдан кейин ҳар икки шахматчининг кейинги турдаги ўйинлари мухлислар эътиборида бўлади.

Бу турда ҳам ўзбек шахматчилари ўртасидаги дерби кўтаринки тарзда ўтди. Шамсиддин Воҳидов (2681) Нодирбек Якуббоев (2668)га қарши баҳсда муросасиз ғалабага эришиб, турнирдаги мақомини яхшилади. Бу уларнинг шахсий ҳисобдаги 32-учрашуви бўлди. Шамсиддин ютқазиқ вазиятни ғалабага айлантира олди. Бу ғалабанинг аҳамияти у учун жуда муҳим эди. Бу орқали Шамсиддин амалда терма жамоамизнинг 3 шахматчиси эканлигини исботлади.

Жавоҳир Синдаров (2682) эса 7-турда ҳиндистонлик Санкалп Гупта (2539)ни мағлуб этиб, 6 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни қўлга киритди. Мусобақада иккинчи рақамли шахматчи Парҳам Мақсудлу (Эрон, 2712) ҳинд шахматчиси Нилаш Саҳа (2458) билан дуранг ўйнаб, 5 очко билан совринли ўринлар учун курашни давом эттирмоқда. Нилаш Саҳа эса 5,5 очко билан 4-ўринда.

Бугун, 8-турда ҳам қизғин баҳслар кутилмоқда. Асосий учрашувларда Нодирбек Абдусатторов (ГМ, 2777) Хитой шахматчиси Сюй Мингхуи (ИМ, 2405) билан рўбарў келса, пешқадам Жавоҳир Синдаров (ГМ, 2682) Ниҳал Сарин (ГМ, 2676)га қарши курашади. Ортиқ Ниғматов эса Санкалп Гупта билан ғалаба учун куч синашади. Кутилган ушбу ўйинлар мусобақанинг кейинги натижаларига катта таъсир кўрсатиши аниқ.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?