Президент эътибори, 3,2 млн ойлик, арзон кийимлар — тадбиркорликдан сиёсатга ўтган, контейнерга кўчишни истамайдиган ҳоким билан суҳбат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарори билан Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ташкил этилган эди. Унинг ҳудуди 4 419,6 гектар, аҳолиси 147 798 нафар.
Хўш, бугун ушбу ҳудудда қандай ўзгаришлар кўзга ташланаётир? Бу жараёнда аҳолини қандай муаммолар қийнамоқда? Туман раҳбарлари уларнинг ечимида қандай йўл тутмоқда?
«Халқ сўзи» мухбири Тошкент шаҳридаги ҳудудий жиҳатдан энг катта, асос солинганига эндигина бир йил бўлган Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт ИНОҒОМОВ билан ана шулар ҳақида суҳбатлашди.
— Роппа-роса бир йил муқаддам давлат раҳбари сизнинг номзодингизни Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимига тавсия қилган эди. Нима деб ўйлайсиз, нега айнан сизга тўхталинди?
— Бунинг аниқ сабабини ўзим ҳам билмайман. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эдим.
2020 йил 28 май куни Ўртасаройда карантин зонасини қуриб битказиб, уйга кечаси соат иккиларда қайтгандик. Бунақа гапдан хабарим йўқ эди. Эртаси куни дам олиб, пешиндан сўнг ишга келаман, деб режа қилгандим. Чунки қарийб икки ой уйга келмаган, оиламни кўрмаган эдим. Хуллас, эрталабдан ишга чақирилдим ва бу янгиликдан хабар топдим.
— Туман ҳокими лавозимида иш бошлаганингизга ҳам бир йилча бўлди. Албатта, бу, кам бўлмаган муддат. Ана шу вақт ичида жамоангиз билан нималарни амалга оширишга улгурдингиз?
— Аввало, ишни туман фуқаролари билан мулоқот ўрнатишдан бошладик. Шундай тизимни йўлга қўйдикки, улар ўз муаммолари билан шахсан ўзим ёки ёрдамчиларимга мурожаат қиладиган бўлди. Имкон даражасида муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.
Масалан, айрим масалаларни икки соатда ҳам ҳал этиш мумкиндир. Бошқа ҳолатларда эса муаммо ечими маълум вақт талаб этади, бундай вазиятларда уларнинг ижроси бўйича муддат белгилаб оламиз. Айтайлик, 2-3 ёки 4 ой. Ва ўша иш шу муддатда, албатта, ҳал этилади. Бундан ташқари, ички йўлларимизга асфальт ётқизилди. Кўп қаватли уйлар орасида 10 километрдан зиёд бетон йўлаклар барпо этилди. 5 минг квадрат метрдан зиёд кўп қаватли уйларнинг томини ёпдик. Бу ишлар зўрма-зўраки қилинмади, сифатли қурилиш материалларидан фойдаланилди, 4 та лифт алмаштириляпти. Дастурда яна 41 таси бор. Албатта, бундан кўзланган мақсад — ҳудудимиз аҳолисига қулайлик яратиш, уларни рози қилиш.
— Баъзи раҳбарларда баҳона деймизми ёки қусур — бир жиҳат бор: муаммолар ҳақида гап борса, ўзидан аввалги раҳбарларни айблайди. Сизда бунга имкон йўқ, сабаби туманнинг биринчи ҳокимисиз...
— Бу фикрингизга унчалик қўшилолмайман. Сабаби, туманимиз йўқдан бор бўлгани ёки ҳудудлари чет давлатдан қўшилиб қолгани йўқ. Ўзимизнинг мамлакатимиз ҳудуди, ўзимизнинг фуқароларимиз яшаган. Мендан аввалги ҳокимлар қўлидан келганини қилгандир. Балки маблағи бўлмагандир, балки хоҳиши ёки бошқа сабаблар...
— Шунча вақт ичида туманни ўргандингиз, вазият билан яқиндан танишдингиз. ҳудудда, биринчи навбатда, ҳал қилиниши керак бўлган қандай муаммолар белгилаб олинди?
— Энг катта масала — туманимизда мактабгача таълим билан қамровнинг пастлиги. ҳозир бизнинг ҳудудда 10 та мактабгача таълим ташкилоти етишмайди. Иккинчиси, соғлиқни сақлаш тизимида — туманимизда алоҳида давлат шифохонаси йўқ. Навбатдагиси — йўллар ва пиёдалар ўтиш йўлаклари. Йўллардан ўтишда оналар, болалар қийналади. Асфальт қилишга пул топилса, биринчи навбатда, пиёдалар йўлакларини таъмирлашдан бошлаймиз. Туманимиздаги 285-мактабнинг пиёдалар ўтиш йўлагини тартибга келтирдик. Йўлларда ҳаракатланиш ёш болалар учун хавфсиз бўлиши жуда муҳим. Яна бир масала, 100 минг аҳоли учун каттароқ масжидимиз йўқ.
— Фуқаролар тўғридан-тўғри ўзимга ёки ёрдамчиларимга мурожаат қилиши мумкин дедингиз. Мурожаатлар асосида ҳал қилинган сўнгги учта муаммони санаб берсангиз...
— Мисол учун, “Facebook«да «Янгиҳаёт» деган гуруҳ бор. Шу гуруҳда мурожаат бўлди. Унда Тошкент маҳалласи ҳудудида одамлар дуч келган жойга чиқинди ташлаши айтилган. Мурожаатни тезда назоратга олдик ва ўша манзилдаги муаммо бартараф этилди.
Тумандаги иккита мактаб биноси олдида машиналарнинг ҳаракатини тартибга солиш сўралди. Эртаси куниёқ бу масала ечимини топди. Шу баҳона туманимиздаги яна олтита мактаб олдида ҳаракатни тартибга олиш чоралари кўрилди.
Яна бир мурожаатда болаларга футбол майдончаси қуриб бериш сўралган эди. Бу масала ҳам ижобий ечим топди.

— Тумандаги икки қаватли ёғоч уйлар бузилиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Бу жараённинг аҳолига ортиқча ташвишлар келтирмасдан, энг муҳими, амалдаги қонунчилик талаблари доирасида ҳал этилиши учун қандай чоралар кўрилмоқда?
— Бу лойиҳа устида қарийб беш ой ишладик. Аҳолига қанчадан пул берилиши керак, тадбиркорлар уйларга қанча нарх белгилайди, хуллас, барчаси ҳисоб-китоб қилинди. Уйлар қуриладиган жойлар 1-2 ой ичида аниқ бўлади. Шундан сўнг уларни қуришни бошлаймиз. ҳамма шароитлар яратилгач, ёғоч уйлар аҳолиси янги уйларга кўчиб ўтади. Шундан кейингина эски уйларни бузишга киришилади. Кузатганмиз, эшитганмиз, баъзан ана шундай вазиятларда аҳолига 3 — 5 ой ижарада яшаб туриш таклиф этилади. Биз ундай қилмаймиз, аҳолимиз ортиқча сарсон бўлмайди.
— Аҳоли бу режаларга қандай фикр билдирмоқда?
— Кўпчилик билан мулоқот қилганимизда кўчиш истагини билдиряпти. Чунки уйлар аҳволи яхши эмас. Лекин иш бошида кўчамиз, янги уй қурилсин, дейдиган айрим фуқаролар фикрларидан қайтиб қолиши ҳам мумкин. Биз бундай эҳтимолий ҳолатларни ҳисобга олиб, аҳоли билан бошиданоқ самарали мулоқот ўрнатиш, уларни норози қилмаслик ҳаракатидамиз. Хусусан, янги қурилган уйлар эски уйнинг квадрат метрига тўғрилаб берилади. Бу ҳам муҳим жиҳат.
Ўрганишларимизда бузилиши кутилаётган уйлар ҳолати эскилиги, канализация тизими яхшимаслиги маълум бўлди. қолаверса, уларда газ йўқ, айримлари чўка бошлаган.
— Яқинда давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бундан кейин ҳокимларнинг ишига баҳо ёшлар масаласидаги ташаббусларига қараб берилишини маълум қилди. Сизнинг ҳудудингизда ёшлар муаммоларига қандай ечим топилмоқда?
— Хатлов қилганимизда туманда 1 минг 337 нафар ишсиз ёш борлиги аниқланди. Уч-тўрт кун бошқа ишни четга суриб ана шу ёшларнинг ҳар бири билан гаплашиб чиқдик. ҳозир уларни ишга жойлаштиряпмиз. Деярли 60 — 70 фоизи ишга жойлашди. Афсуски, ҳисоботда туғруқ таътилидаги аёллар, ҳужжатлаштирилмаган ҳолда бозорларда, савдо нуқталарида ишлаётган ёшлар ҳам бор. Улар расман ишга жойлаштириш таклифини рад қилишди. ҳақиқий ишга муҳтож ёшларни жойлаштиришда муаммо йўқ. Туманимизда 2 мингта иш ўрни бор.
— Билишимизча, ҳудудда бозор муаммоси ҳам бор. Келгусида туманнинг ўз бозори қуриладими?
— Тўғри айтасиз, туманимизда бозор йўқ. Катта бозор эмас, кичикроқ деҳқон бозорини қуриш режамиз бор. Бизда, бундан ташқари, минимаркетлар сони ҳам кам. Шунингдек, туманда дорихоналар, новвойхоналар етишмовчилиги мавжуд. Афсуски, борларининг орасида ҳам ноқонуний қурилганлари кўп. Аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик учун уларни ҳозирча бузмай турибмиз. Мазкур ҳудудлар аҳолиси учун янги, қулай, қонунийси қурилгандан сўнггина ноқонунийларини бузишни режалаштирганмиз.
— Адашмасам, ҳозир ҳокимлик муваққат бинода фаолият олиб боряпти...
— Ҳа, шундай, вақтинчалик қурилган бинода ишлаяпмиз. Янги бино уч йил ичида қурилади, у аввал инвестиция дастурига киритилади, маблағ топилади, кейин бунёд этилади.
Ҳозир биз ишлаётган бино бир оз ноқулай, ходимларимиз сиғмайди, айрим бўлимларимиз бошқа жойларда фаолият олиб бормоқда. Бу аҳоли учун ҳам ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Бу вақтинчалик ҳолат ва фаолиятимизни сифатли олиб боришга халақит бермайди.

— Бизда ҳокимлар, раҳбарлар, мансабдорлар ҳақида гап кетганда одамларнинг кўз олдига ҳашамат, дабдаба, қимматбаҳо машиналарда юрадиган шахс келади. Афсуски, пандемия вақтида мамлакат олдида иқтисодий қийинчиликлар, муаммолар турган бир вақтда айрим ҳокимлар ўзини қимматбаҳо машиналар сотиб олишдан-да тия олмади. Бу жамоатчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Бу ҳолатга қандай муносабатдасиз?
— «Каптива» каби машиналарнинг чекка вилоятларда юриш учун олиниши ҳақида бир нарса дейишим қийин. Балки бу автомашина улар учун қулайдир. ўша ҳудуд тоғли жойдир ва бундай машиналар у ернинг географиясига мосдир. Агар бунақа бўлмаса, бундай машиналарга ортиқча пул сарфлаш керак эмас.
Ўзимга келсак, давлат берган, тўрт йил муқаддам олинган «Малибу» хизмат машинасида юраман. Уни ўзгартириш, бошқасини олиш фикри йўқ. Менга ундан ортиғи ортиқ. Ҳар бир нарсанинг чеки-чегараси бўлади.
— Ҳозирги кунда ҳокимлар фаолиятида ҳам ўзгача ҳолатлар кузатиляпти. Кимдир вагонга кўчган, кимдир ғишт терган, волейбол ўйнагани қайси-ю, совға улашгани учрайди... Бунга қандай қарайсиз?
— Контейнерга кўчмайман. Менда ҳам ярим кечагача қолиб ишлайдиган кунлар бўлади. Лекин кечаси соат иккидан кейин бўлса ҳам оилам ёнига бораман. Ўртасаройдаги карантин зонасини қуриш вақтида икки ой уйга бормаганман, ҳатто, туғилган кунимда ҳам. Давлат раҳбари топшириғига кўра, ишни зудлик билан битириш зарур эди. Ишни якунламагунимизча уйга келмаганмиз.
— Сизда ҳоким сифатида қандай имтиёзлар бор? Туман ҳокимларининг ойлик маоши қанча?
— Менда ҳеч қанақа имтиёз йўқ. Йилда бир марта бериладиган бир ҳафта ё ўн кунлик бепул даволаниш имкониятимиз бор. Уч миллион 200 минг сўм маош оламан. Яхши ишласак мукофотлар оламиз. Ойлигимизга юз фоиз қўшимчамиз ҳам бор.
— Юқорида 3,2 млн сўм ойлик оламан деб айтдингиз.Сиз ҳокимликдан аввал тадбиркор бўлгансиз. Табиийки даромадингиз юқори бўлган. Туман ҳокими лавозими шулардан воз кечишга арзийдими?
— Мен 15 йил тадбиркорлик билан шуғулланганман. Менга ойлигимнинг қанчалиги қизиқмас. Моддий томонлама камчилигим йўқ. Мен учун давлатимиз раҳбарининг, аҳолимизнинг ва Тошкент шаҳар ҳокимини ишончини оқлаш муҳим. Муаммолар ҳал этилгач, аҳолимиз томонидан бизга миннатдорлик билдириш ҳолатлари бўляпти. Шу менга завқ беряпти.
— Кунига неча соат ишлайсиз?
— Эрталаб шошилинч вазифа бўлмаса ишга соат 9:00 да келаман. Акс ҳолда 7:00 да. Кечқурун вақтли кетадиганим 9:30да. Баъзан 2:00гача қолиб ишлашга тўғри келади.
— Кўпчилик сизни Ортиқхўжаевнинг шогирди деб билади. Бу гапларга қандай қарайсиз, ундан нималарни ўргангансиз?
— Тўғри. Ортиқхўжаев билан 15 йилдан буён бирга ишлайман. Мен у кишидан жуда кўп нарсалар ўрганганман: ҳалолликни, хиёнат қилмасликни, юракдан ишлашни, ўз олдига бирор мақсад қўйдими унга, албатта, эришишни.
— Шу сабаб учун тадбиркорликдан сиёсатга ўтганмисиз?
— Ҳа.
— Корхона раҳбари бўлиш яхшими ёки ҳоким бўлиш? Қайси қийинроқ?
— Аввал қўлимда 5 мингдан зиёд ходим ишлаган. Ундан аввал Махсустрансда 3 йил ишлаганман. Ўқишни битирмаганман вақтим тажриба учун ойликсиз ишлаган вақтларим ҳам бўлган. Натижада тажриба орттирдим.
Инсон ўзи севган бирор иш, мақсадни амалга ошириб бўлгач унинг қизиғи қолмайди. Бир хил иш тартиби – ҳар куни соат 9 да келасиз кечга 6 да кетасиз. Тизимни йўлга қўйиб бўлгансиз, сиз бўлмасангиз ҳам иш тўхтамайди. Мен шундай тизимни яратиб ишлайман. Раҳбар сифатида фақат назорат қиламан.
Ҳокимликда ҳам шунақа тизим яратишга ҳаракат қиляпман. Ҳар қандай соҳа, тизимда ҳар бир инсон ўз ишини қилиши, ҳамма ўз вазифасига жавоб бериши керак, қисқа қилиб айтганда тизим ишлаши керак.
Тадбиркорликдан кетиб давлат хизматчиси сифатида ишлаётганимга асосий сабаб — ўзимни халқ хизматида синаб кўриш.
— Охирги марта қачон жамоат транспортидан фойдаландингиз ёки бирор жойда оддий аҳоли каби навбат кутдингиз? Оилангиз билан ҳамма фойдаланадиган бозорга бордингиз?
— Ўн беш кун аввал уйга метрода кетдим. Хусусий тиббий хизматдан кўпроқ фойдаланаман. Мисол учун, яқинда арзон шимлар сотиладиган дўкондан савдо қилдим. Бунақа ҳолатлар кўп бўлади. Асосан, арзон кийим дўконларидан кийинаман. Оилавий бозор қилишга очиғини айтаман ҳозир вақт бўлмаяпти. Авваллари тез-тез деҳқон бозорларига тушиб турардим.
Инобат АҲАТОВА суҳбатлашди
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг