“Президент Арчаси” Самарқандда ҳам юқори савияда ташкил этилди
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбида қувонч ва умид уйғотиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шу ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида ташкил этиб келинаётган “Президент арчаси” байрам тадбирлари йилдан-йилга болажонларнинг энг севимли ва интиқлик билан кутилган байрамларидан бирига айланиб бормоқда.

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” базмгоҳида ҳам Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманидан келган ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, оилавий болалар уйлари ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун “Президент арчаси” байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, болажонларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклади.

Шундан сўнг Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари болаларга давлатимиз раҳбари томонидан юборилган Янги йил совғаларини топширдилар. Совғалар таркибига болаларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилувчи 24 номдаги ўқув қуроллари, шунингдек, болажонлар севиб истеъмол қиладиган 34 номдаги ширинлик маҳсулотлари киритилган.
Байрамона безатилган саҳнада намойиш этилган концерт дастури, қўшиқлар ва рақслар болалар кайфиятини янада кўтариб, тадбирга ўзгача файз бағишлади. Шунингдек, “Президент арчаси” тадбирлари доирасида вилоят мусиқали драма театрида болажонлар учун мўлжалланган эртак-спектакл намойиш этилди. Унда ўғил-қизлар саҳнадаги воқеаларни мириқиб томоша қилишди. “Президент арчаси” байрами болажонлар хотирасида ёрқин ва унутилмас лаҳзалар сифатида муҳрланди.

Вилоятда “Президент Арчаси” байрам тадбирида иштирок этиш учун жами мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 748 нафари маҳалларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, 63 нафари Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, 60 нафари ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг болалари, 59 нафари SOS болалар уйи тарбияланувчилари, 36 нафари “Меҳрли мактаб” ўқувчилари, 18 нафари Кичик ҳажмли болалар уйи ва 22 нафари вилоят болалар уйи тарбияланувчиларни ташкил қилади. Уларнинг барчасига Президентимизнинг янги йил совғалари топширилди. Мақсад янги йил байрами муносабати билан болажонлар ва уларнинг яқинларига меҳр улашишдан иборат.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг