«Premier Hall»даги «Кокилли қиз» панноси реставрация қилинади

16:40 21 Июнь 2021 Маданият
1331 0

«Premier Hall» кинотеатри биносини реставрация қилиш вақтида рассом Алфред Мазитовнинг «Кокилли қиз» номли ажойиб панносига дуч келинди.

Ўзбекистон кинематография агентлиги Ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, пойтахт марказида жойлашган «Premier Hall» кинотеатри жорий йилда бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент Халқаро кинофестивалида локациялардан бири бўлиши кўзда тутилган. Шу сабабдан Кинематография агентлиги ижарачилар билан келишган ҳолда бинонинг ташқи қиёфасини янгилашга қарор қилган.

«Таъмирлаш ишлари пайтида бинонинг юзасида эски панно топилди. Шундан сўнг, Кинематография агентлиги экспертларни таклиф қилиб, топилмани ўрганишди. Панно ҳақиқатда Алфред Мазитовнинг қаламига мансуб «Кокилли қиз» мозаикаси эканлиги экспертлар томонидан тасдиқланди. Рассомлар уюшмаси раиси Акмал Нур ва экспертлар паннони реставрация қилиш имкони мавжудлигини маълум қилишди. Шундан келиб чиқиб, ушбу фрескани сақлаб қолиб, бинонинг янги дизайнини айнан «Кокилли қиз»дан келиб чиқиб яратиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.

Ҳозирда бинонинг ижарачилари ва қурувчилар билан қайта музокалар ўтказиб, уларга янги дизайн бўйича кўрсатмалар берилди. Айтиб ўтиш жоизки, бунгача бинони дизайни умуман бошқача бўлиши ва топилган панно ўрнида фильмлар анонслари учун экран ўрнатилиши режалаштирилганди. Эндиликда айнан «Кокилли қиз» бинонинг янги дизайнини белгилаб беради. Шунингдек, ушбу ўзгаришлардан сўнг бинонинг ҳозирги Premier Hall номи қанчалик мос бўлиши бўйича саволлар туғилмоқда. Шу сабабдан шаҳар аҳолисидан таклифларни кутиб қоламиз», дейилади агентлик тарқатган хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?