Пойтахтлик шифокорнинг Китоб туманида малака оширгани ислоҳотларнинг яққол самараси эмасми? — ССВ биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов
Фото: Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати
Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги «Dr.Boboev health center» хусусий клиникаси қошида ташкил этилган нодавлат врачлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказида илк битирувчиларга сертификатлар топширилди.
Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилишини алоҳида таъкидлаган эди.
Тажрибали уролог II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Алишер Бобоев ташкил этган хусусий клиника жамоаси бу ташаббусга биринчилардан бўлиб «лаббай» деб жавоб берди.
Клиникага жорий йилда Вазирлар Маҳкамасидан «Нодавлат кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти»га рухсат олинган эди. Эндиликда бу жамоа даволаш ишлари билан биргаликда кадрлар тайёрлаш фаолияти билан ҳам шуғулланиб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бунинг учун ушбу марказда 1 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 3 нафар тиббиёт фанлари номзоди фаолият юритмоқда.
Бугун бу ердаги нодавлат марказда воҳамиз билан бир қаторда мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келган 8 нафар шифокор «илк қалдирғочлар» сифатида эндоурология бўйича уч ойлик ўқув курсларини якунлашди.
— «Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун» деган эзгу тамойил, малакали тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштириш борасидаги эзгу мақсадларимиз, ислоҳотлар самарасининг амалдаги яққол ифодасини мана шу ерда кўриб турибмиз, — деди тадбирда онлайн тарзда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов. — Пойтахтдаги мутахассис олис тоғ туманига бориб маҳорат ўрганади, деса шу пайтгача биров ишонармиди? Бугун шу марказда таҳсил олган шифокорларимиз орасида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва ҳатто тошкентлик мутахассислар бор. Алишер Шукруллаевич бошчилигидаги фидойи жамоа мамлакатда биринчилардан бўлиб хусусий секторда мутахассислар малакасини ошириш ва тиббий суғурта жамғармаси орқали ордер тизими асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.
— Бу ерда мавжуд имкониятлар, хусусан, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўрганиш учун ташкил этилган махсус замонавий симуляция маркази тингловчиларимиз маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этди, — дейди нодавлат врачлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Абдумалик Абдуризаев. — Қолаверса, улар клиниканинг тажрибали эндоурологлари қаторида амалиётларда иштирок этиб, билим ва тажрибаларини мустаҳкамлади. Малака оширувчилар орасида орасида нуфузли тиббиёт муассасалари бўлим бошлиқларидан тортиб хусусий клиникалар раҳбарларигача борлиги бизни жуда қувонтиради.
— Марказимизда ташкил этилган 2017 йилдан буён ўтказилган 7913 та амалиётнинг 6028 таси эндоурологик операция ҳисобланади, — дейди клиника раҳбари Алишер Бобоев. — Келгусида марказда лапароскопия ҳамда роботлар амалиёти бўйича махсус цикллар йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг