Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси старт олди

15:12 18 Октябр 2024 Спорт
378 0

Элёр ҲАЙДАРОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг 16 — 21 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» спорт мажмуасида ўсмирлар ўртасида қиличбозлик спорти беллашувлари бўлиб ўтмоқда.

Қайд этиш жоизки, мазкур баҳс ўз навбатида 2025 йилда юртимиз мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёргарлик ва миллий терма жамоамиз аъзоларини саралаш вазифасини ўтайди.

— Сўнгги йилларда қиличбозларимиз ўз маҳорати, кучи ва иродасини кўрсатиб, жаҳон чемпионига айланяпти, — дейди Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси маслаҳатчиси Убайдулла Ҳикматуллаев. — Ҳозирда юртимизнинг 80 нафарга яқин сара спортчилари Ўзбекистон кубоги баҳсларида куч синашяпти. Улар орасида келажаги порлоқ қиличбозлар жуда кўп, шу боис ҳам саралаш биз учун осон кечаётгани йўқ.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу спорт турига эътибор кучайди. Вилоятларимиз, ҳатто чекка ҳудудларда ҳам навқирон авлод вакиллари эмин-эркин шуғулланиши, ўз устида ишлаши учун шароитлар яратилмоқда.

Ташкил этилаётган мазкур мусобақа нафақат ўсмирлар ўртасида Осиё ўйинларига ҳозирлик кўриш, балки катталар ўртасидаги Олимпия баҳслари учун спортчилар базасини шакллантириш ва келгуси ғалабаларга замин яратиши билан алоҳида аҳамиятга молик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?