Пойтахтимизда маданий мерос ҳафталиги бошланди
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда мамлакатимиз, айниқса, пойтахтимиз азим Тошкент тобора халқаро маданий мулоқотлар майдонига айланиб бораётгани айни ҳақиқат. 18 октябрь куни Ўзбекистон маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг анжуманлар залида «Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусидаги халқаро анжуман билан ўз ишини бошлаган маданий мерос ҳафталиги ушбу хайрли ва эзгу ташаббусларнинг узвий давоми, десак, муболаға эмас.
Мазкур ҳафталик мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштириш, Ислом цивилизацияси марказини тақдим этиш ва музей заллари ҳамда кутубхонани янада бойитиш учун ҳамкорлар топиш, шунингдек, Имом Бухорий мажмуасидаги музей лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.
8 кун давомида бўлиб ўтаётган ҳафталикда маҳаллий ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган экспертлар, олимлар, тарихшунослар, бир қатор соҳа ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Тантанали очилиш маросимида йиғилганлар эътиборига аввало Янги Ўзбекистонда давлат томонидан фан, маданият ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли ҳамда Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази фаолияти тўғрисида ҳикоя қилувчи видеофилм намойиш этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимиз маданий меросини ўрганиш ҳамда сақлаш борасидаги олиб борилаётган бундай эзгу ишлар халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий юксалиши, уларнинг Ватанимиз тарихига бўлган қизиқишини орттириши, юртимиз ҳамда Шарқ халқлари тарихини ўрганишдаги муҳим қадамлигини таъкидлади.
Очилишдан сўнг анжуманнинг биринчи сессияси иш бошлади. Унда хорижлик бир гуруҳ олимлар — Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази бош директори ўринбосари Чингиз Томар, Туркия Қўлёзмалар институти президенти Жошқун Йилмаз, Япония Миҳо музейи махсус илмий ходими, фан доктори Сергей Лаптев ва бошқалар анжуманда кўзда тутилган мавзулар бўйича маъруза қилди. Шунингдек, мавзуга доир лойиҳалар билан танишув ҳамда муҳокамалар бўлиб ўтди.
— Мазкур ҳафталик жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган WOSCU VIII Халқаро конгрессининг давоми саналади, — деди Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. — Ўтган конгрессда биз бир нечта меморандум имзолаган бўлсак, бу галгисида 60 га яқин шартномани имзолашни режалаштирганмиз. Албатта, бу ишлар давлатимиз раҳбарининг маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича қилаётган саъй-ҳаракатлари ҳамда бу борада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган. Ҳафталикдан кўзланган мақсад эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Қайд этиш жоизки, ушбу ҳафталик дастури ўзида қатор тадбирларни жамлаган бўлиб, уларда илм-фан, маданият ва санъат соҳаси вакиллари долзарб маърузалари билан чиқиш қилиши, турли мавзуларда мулоқотлар, давра суҳбатлари, муҳокамалар ташкил этилиши кўзда тутилган. Хусусан, «Ислом — инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва маърифатпарварликка элтувчи дин» халқаро илмий-маданий симпозиуми, «Маърифат нури: ХIХ — ХХ асрлар адабий ва илмий-маданий ислоҳотлари» мавзусидаги халқаро конференция, «Асрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзмалари» шарқшунослар халқаро форуми, «Биринчи ренессанс кашфиётларининг жаҳон цивилизацияси ривожига таъсири» эллараро илмий йиғини, «Янги Ўзбекистон — учинчи Ренессанснинг инновацион кутубхонаси» мавзусидаги халқаро анжуман ҳамда «Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар» халқаро форуми шулар жумласидан.
Шу билан бирга, ҳафталик давомида Тошкентда 8 та илмий майдонда кўргазмалар бир вақтнинг ўзида очилади. Ўзбекистон Давлат тарих музейида «Археология ва этнография дурдоналари», WOSCU конференц-залида «Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш ёғдуси», Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Асрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзма мероси», Ислом цивилизацияси марказида «Тарихий фикр дурдоналари» кўргазмалари шулар жумласидандир. Шунингдек, Адиблар аллеяси бўйлаб экскурсия ва Ислом цивилизацияси марказида лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Ҳафталик 27 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг