Пойтахт мактабларидан биридаги ўқувчи силга чалингани рост бўлиб чиқди. Унинг дугонасида ҳам касаллик аниқланган

12:24 24 Январь 2025 Жамият
604 0

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларидан бирида сил касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз муносабатини билдирди.

Маълум қилинишича, Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси М.С. 2024 йилнинг 26 декабрида Тошкент шаҳар 3-сон фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган.

Беморнинг опаси М.Д.нинг сўзларига кўра, синглиси М.С. сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Бемор охирги марта ЛОР-шифокор кўригига борган. Ушбу кўрикдан сўнг ўқувчи қиз 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган.

Диспансерда ўтказилган рентгенография текшируви натижасида унга «Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, BK +» ташхиси қўйилган ва бемор дарҳол Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.

Шунингдек, М.С. билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилган ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаган.

Бундан ташқари, бемор М.С. билан мулоқотда бўлган ва касаллик юқтириш хавфи мавжуд 59-сонли умумтаълим мактаби ва бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.

Текширувлар давомида бемор М.С.нинг яқин дугонаси 2008 йилда А.А. да «Ўнг ўпка юқори бўлаги ўчоқли сили» BK abs аниқланиб, у шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, 3 нафар ўқувчи — А.А., Р.М. ва Э.Д. ва 1 нафар ўқитувчи Б.У.ларда касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошлаб юборилган.

«Аниқланган камчиликлар юзасидан Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 59-сонли умумтаълим мактаби директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган», дейилади расмий муносабатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?