Пингвиндан кейин маймунча. Кичик макака интернетда юлдуз бўлди
Бир муддат аввал интернетда ёлғиз пингвин тоғ чўққиси томон кетиб бораётгани тасвирланган қисқа видео кутилмаган тарзда глобал мемга айланганди. Ушбу лавҳа «Нигилист пингвин» деб номланиб, умидсизлик, ёлғизлик ва ҳаётдан маъно излаш каби ҳиссиётлар рамзи сифатида оммалашди. Бироқ кўп ўтмай бунинг мутлақо акси бўлган, юмшоқ ўйинчоқни онасидек қадрлаб олиб юрган кичик макака видеоси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Маймунчанинг бу ҳаракатлари сабр-тоқат ва умид тимсолига айланди.
Япониядаги Ичикава шаҳар ҳайвонот боғида онаси ташлаб кетган ва гуруҳдошлари томонидан четлатилган кичик маймун боласи Панч яшайди. Ҳали туғилганига 6 ой бўлган япон макакаси қисқа вақт ичида интернет юлдузига айланди. Унинг видеолари Х, TikTok ва Instagram платформаларида ўн миллионлаб кўришлар тўплаган, айрим лавҳалар эса ҳатто 30 миллион мартадан ортиқ томоша қилинган.

Панч ўтган йили июль ойида туғилган. Бироқ маймунчанинг биологик онаси уни қабул қилишдан бош тортган. Мутахассислар бу ҳолатни кучли иссиқ тўлқини шароитида кечган оғир туғруқ кайфияти билан боғламоқда. Шу боис макака дастлаб ҳайвонот боғи ходимлари парваришига олинган ва бир неча ой давомида асосан инсонлар қарамоғида бўлган.
Жорий йил январь ойида Панчни “Маймунлар тоғчаси” деб аталувчи ҳудуддаги турдошлари гуруҳига қайта қўшиш жараёни бошланган. Аммо бу осон кечмаган. Япон макакалари қатъий иерархия асосида яшайди ва болалар одатда ижтимоий қоидаларни онаси орқали ўрганади. Шу боис онасисиз ўсган Панч гуруҳ ичида ўз ўрнини топишда анча қийналган. Ижтимоий тармоқларда унинг каттароқ маймунларга яқинлашиб, меҳр излаши, аммо рад этилгани ҳатто ҳужумга учрагани акс этган видеолар тарқалди.

Панчнинг руҳий ҳолатини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳайвонот боғи ходимлари унга IKEA компаниясининг “Djungelskog” номли орангутан юмшоқ ўйинчоғини тақдим этган. Бу ўйинчоқ нафақат таскин воситаси, балки мушакларини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган жиҳоз сифатида ҳам берилган. Қисқа фурсатда мазкур ўйинчоқ Панчнинг энг яқин “дўсти”га айланган. Макака уни бағрига босади, ортидан судрайди ва деярли ҳеч қачон қўйиб юбормайди.
Панчнинг машҳурлиги кейинчалик чакана савдога ҳам таъсир кўрсатган. IKEA маълумотига кўра, сўнгги кунларда “Djungelskog” ўйинчоғи савдоси Япония, АҚШ ва Жанубий Кореяда сезиларли даражада ошган. Шундан сўнг компания Панч иштирок этган реклама материалларини ҳам тақдим этди ҳамда ҳайвонот боғига маймунча учун “она захираси” сифатида ўнлаб юмшоқ ўйинчоқлар ҳадя қилди.

Ҳайвонот боғи маъмуриятининг таъкидлашича, гуруҳдошлари томонидан турли қаршиликларга учраганига қарамай, Панч кучли руҳий барқарорликка эга ва тез тикланмоқда. Сўнгги видеоларда унинг тенгдошлари билан ўйнаётгани ва бир маймун томонидан парвариш қилинаётгани — ижтимоий қабул қилинганининг муҳим белгиси сифатида баҳоланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг