Пастдарғомда махсус саноат зонаси ташкил этилади

12:39 23 Декабрь 2024 Жамият
147 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқандда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Улардан тўғри ва самарали фойдаланиш саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожланишига имконият яратади. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, янги даромад манбаларини яратиш мақсадида шу йилнинг 29 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Хусусан, 2025 йилда умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар доирасида 3,6 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш, 320 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва 850 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспортини амалга ошириш, вилоятга 5 миллион маҳаллий ҳамда 2,5 миллион хорижлик турист жалб қилиниши белгиланган.

— Пастдарғом туманидаги “Чимбойобод” массивида туман ҳокимлиги захирасидаги, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 234,3 гектар ер майдонида “Пастдарғом” махсус саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Жамшид Ҳайдаров. — Махсус саноат зонасининг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилга узайтирилади.

“Пастдарғом” махсус саноат зонаси жойлашаётган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасига ажратиб берилади. Шартнома асосида махсус саноат зонасини бошқариш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвесторлар муассислигидаги масъулияти чекланган жамиятлар шаклида бир ёки бир неча бошқарув компаниялари ташкил этилади.

Махсус саноат зонасида фармацевтика, электротехника, тўқимачилик, чарм-поябзал, кимё саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда замонавий, энергия тежовчи ва юқори технологияли лойиҳалар амалга оширилади.

Бундан ташқари, бош режага асосан махсус саноат зонаси ҳудудида тайёр ишлаб чиқариш бино-иншоотларини қуриш ва ижарага бериш учун алоҳида лотлар белгиланади. Электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади. Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони, 2025 йил 1 январдан бошлаб, эркин иқтисодий, ёшлар ва саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аукцион орқали ер ижарага олинганда ижара тўловлари лойиҳа ишга тушгунга қадар бироқ 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга тўлашни кечиктириш тартиби жорий қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?