Парламент ва сиёсий партиялар фаолияти ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, 2023 йилнинг апрель ойида умумхалқ референдуми орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асослари мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Конституциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари томонидан ўз фаолиятларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, парламент палаталарининг фаолиятидаги параллелликни ва бир-бирини такрорловчи ваколатлари аниқлаштирилмоқда, Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда. Бундан ташқари Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши мумкинлиги ҳамда парламент текширувини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказиши белгиланмоқда.
Қонуннинг юқорида қайд этилган Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номларини ҳамда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг нормаларини амалга оширишга, шунингдек, қонунлар қоидаларини Конституцияга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
- «ЖЧ-2026»га Осиёдан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган терма жамоалар маълум
- Шомуродовнинг кўз ёшлари, Файзуллаевнинг рақси ва мухлислар ҳайқириғи — Мундиал эшикларини очган ўйиндан фоторепортаж
- Тошкент давлат тиббиёт университетининг «Битирувчи – 2025» тантанали маросими бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг