“Парламент кутубхонаси” янги форматда иш бошлади

20:27 19 Май 2021 Сиёсат
1505 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи” 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламент кутубхонаси”нинг очилишига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари, олимлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов кириш сўзи билан очди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтириш, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, элу юртга муҳаббат ҳамда садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар мамлакатда китобхонликни янада ривожлантириш, кутубхоналар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда.

Президентимиз 2020 йил 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида парламент қуйи палатаси биносида депутатларнинг ўз фаолияти, хусусан, қонун ижодкорлиги жараёнида зарур бўладиган маълумотлар ва етарли кўникмаларга эга бўлишлари учун замонавий, қулай, шунингдек, мамлакатимиз ҳамда жаҳоннинг илғор ахборот ресурс марказлари билан электрон интеграциялаша оладиган “Парламент кутубхонаси”ни ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, қуйи палата томонидан халқ вакиллари учун янги, замонавий ва қулай бўлган “Парламент кутубхонаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида кутубхонада ҳар бир китобхон учун китоб мутолаа қилиш имкониятини яратиш мақсадида ўқув зали, йиғилишлар зали, қонун ижодкорлиги зали ва архив фонди ташкил этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, кутубхона фонди сиёсат, иқтисодиёт, давлат ва ҳуқуқ, юридик фанлар, бадиий адабиётлар, тиббиёт, қишлоқ ҳўжалиги, тарих, хусусан, Ўзбекистон ва жаҳон тарихига оид китоблардан иборат.

Шунингдек, “Парламент кутубхонаси” ўқув залида 23 та китоб жавонларига 2,5 мингдан зиёд китоблар жойлаштирилиб, кутубхона библиографик классификация соҳалари асосида адабиётлар билан бойитилди. Китобхонларга 12 та мустақил ёритиш тизими, электрон қувватлагич ва интернетга эга бўлган ўқув жойлари яратилди.

Бундан ташқари, ўқув залида босма даврий нашрлар кундалик тарзда янгиланиб борилади. “Парламент кутубхонаси”нинг йиғилишлар ўтказиш залига 2 мингдан ортиқ қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, замонавий давлат бошқаруви, геосиёсат ва иқтисодиёт соҳаларига оид китоблар, маданий тарихимизга оид адабиётлар  жойлаштирилди. Кутубхона архив фондидаги 39 та китоб жавонига 30 мингдан ортиқ, асосан, парламент томонидан қабул қилинган қонун хужжатлари ҳамда адабиётлар жойлаштирилди. 

Парламент кутубхонаси базасида эндиликда хорижий мамлакатлар парламентлари билан ўзаро келишув-меморандумларни тузиш ва у асосида ўзаро электрон кутубхона маълумотлар базалари алмашинуви ташкил этилади. “Парламент кутубхонаси”нинг электрон китоб фондини кенгайтириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Жаҳон рақамли кутубхонаси” (БМТ ва АҚШ Конгресси қўшма лойиҳаси), “Европа рақамли кутубхонаси” ва “Google кутубхонаси” фондларидан фойланиш йўлга қўйилди. Кутубхонага ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида инфокиосклар ўрнатилди.

Шунингдек, “Парламент кутубхонаси” бутунжаҳон илмий-таълим маълумотлар базалари — “Library Press Display”, “JSTOR”, “East View”, “Springer Link”, “ProQuest” каби тармоқларга уланди.

— Бугун парламентда катта шодиёна, катта байрам, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад. — Қуйи палатаси қанчалик муборак маскан бўлса, кутубхона худди зам зам сувига ўхшаган битмас, туганмас илҳом манбаидир. Кирсангиз чиққингиз келмайди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга мингдан минг раҳмат айтамиз. Китоб маданияти, китобхонлик ва китобга бўлган муносабат далат сиёсати даражасига кўтарилган катта йўналишни муҳим бир тармоғи сифатида вужудга келди бу кутубхона. Депутатлар учун ҳам бу жуда яхши имконият. 5 йиллик фурсатда фундаментал билимлар олиш учун тўла асослар яратилган. Депутатларимиз орасидан бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, илми, зеҳни, тафаккури билан бутун дунёга маъдум ва машур асарлар ёзадиган билимдонлар, ёзувчилар чиқиши тарафдориман.  

Тадбирда таъкидланганидек, “Парламент кутубхонаси” лойиҳаси доирасида электрон китобларни мутолаа қилиш имконини яратиш мақсадида автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизими ишлаб чиқилди. Тизим орқали электрон кутубхона каталогини ишлаб чиқиш ва ҳар бир китобга “штрих код” тизимини жорий этиш имконияти яратилди ҳамда 20 минг дона китобни рўйхатдан ўтказиш учун махсус RF-ID белгилар олинди. Натижада маҳаллий Кенгашлар (вилоят, шаҳар ва туман) депутатларининг ҳам парламент кутубхонаси электрон китоб фондидан фойдаланишлари,  ташқи фойдаланувчилар қамровини кенгайтириш мақсадида автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизимидан фойдаланилган ҳолда парламент кутубхонасида олис ҳудудлардан интернет тармоғи орқали жамоатчилик, журналистлар, талабаларнинг ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.

— Мазкур кутубхона Қонунчилик палатаси депутатларининг янада кўпроқ ишлаши, қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта, маромига етказишда зарур бўладиган ахборотларни олиши, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини теран ўрганиши, шунингдек, мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий воқеалардан  тезкор ва тўлиқ хабардор бўлишида қўшимча имкониятлар яратади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев. 

Бундан ташқари, ушбу маскан нафақат билим олиш, балки хорижий парламент делегациялари ташриф буюрганда уларни бу ерга олиб кириш, шу ернинг ўзида суҳбатлар, учрашувлар ўтказишга арзигулик файзли гўшага айланди.

“Парламент кутубхонаси”нинг қонун ижодкорлиги залида ташкил этилган муҳокамалар ўтказиш бурчаги китобхонларга қулай, шинам жой бўлиш билан бирга, Қонунчилик палатаси қўмита ва комиссиялари, ишчи гуруҳлар томонидан турли тадбирларни ўтказиш, жумладан, қонун лойиҳаларини ўқишларга тайёрлаш учун фойдаланиш имкониятини беради.

Тадбирда “Парламент кутубхонаси” ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди ва ушбу лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этганларга Қонунчилик палатасининг ташаккурномаси топширилди.

 

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?