Парижда Ўзбекистон савдо уйи иш бошлади

19:52 17 Февраль 2026 Жамият
441 0

Европа юраги Париж шаҳрида яна бир ўзбекона манзил очилди. “Madi in Ozbekistan” миллий маҳсулотлар савдо уйининг иш бошлаши ўзбек аёллари ва ҳунармандлари тайёрлаган маҳсулотлар Европа бозорига кириб бораётганининг амалий ифодасидир. Бу қадам ортида уларнинг меҳнати, изланиши ва ўз ишига бўлган ишончи турибди.

Мазкур ташаббус Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан илгари сурилди. Лойиҳа мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси, Жамоат фонди ҳамда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида амалга оширилди. Бу ҳамкорликнинг ўзиёқ Янги Ўзбекистонда давлат ва жамоат ташкилотлари бир мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилаётганининг амалий ифодасидир.

Париждаги мазкур савдо уйи ижтимоий аҳамиятга эга. Унда хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари сотувга қўйилади. Бу ерда гап фақат маҳсулот ҳақида эмас. Ҳар бир буюм бир оиланинг даромади, бир аёлнинг мустақиллиги, бир ҳунарманднинг орзуси демакдир.

Миллий кашта, атласу адрас, қўл меҳнати билан яратилган сувенирлар, табиий маҳсулотлар — буларнинг барчаси француз жамоатчилигига нафақат товар сифатида, балки маданиятимиз элчиси сифатида тақдим этилмоқда. Савдо уйининг асосий мақсади ҳам шу. Ўзбек аёллари ишлаб чиқараётган миллий маҳсулотларни намойиш этиш ҳамда тарғиб қилиш, икки халқ ўртасида маданий мулоқот майдони яратиш.

Ўзбекистоннинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Ғаниев ишчи делегациясидаги тадбиркор ва ҳунармандлар билан учрашди. Учрашувда савдо уйи фаолиятини янада ривожлантириш, миллий маҳсулотлар ва ўзбек брендларини Франция бозорида оммалаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, иқтисодиёт, мактабгача таълим, маданият каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар илгари сурилди. Бу мулоқотдан шу нарса англашилди: савдо уйи — бошланиши. Унинг ортидан кенг кўламли иқтисодий ва маданий ҳамкорлик йўллари очилиши мумкин.

Делегация аъзолари бундан чамаси 6 йил олдин очилган “Maison de lʼOuzbekistan” бутик-галереяси фаолияти билан ҳам танишди. Демак, Парижда ўзбек маҳсулотлари учун замин аввалдан яратиб келинган, бугунги савдо уйи эса ана шу ҳаракатнинг мантиқий давомидир.

— Аёлларимизнинг меҳнати жаҳон бозорига чиқиши керак, албатта, — дейди Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази директори Сайёра Жўраева. — Францияда иккинчи миллий савдо уйини очилгани ўзига хос воқелик бўлди. Бу лойиҳа ўзбек аёлларининг маҳсулотларини Европа давлатларига олиб кириш, уларнинг оилавий даромадини оширишда катта аҳамиятга эга. Олий Мажлис Жамоат фонди молиялаштираётган шу каби лойиҳалар аёлларни қўллаб-қувватлашда, уларнинг бандлигини таъминлашда ўз самарасини бермоқда. Келгусида яна кўпроқ миллий савдо уйларини очиб, маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқишни мақсад қилганмиз.

Янги савдо уйи ўзбек тадбиркор ва ҳунармандлари учун янги имкониятлар эшигини очади. Франция ва бошқа Европа давлатлари бозорларига чиқиш рақобат, сифат ва бренд масалаларида янги босқич демакдир. Бу эса ички ишлаб чиқаришни ҳам сифат жиҳатидан юксалтиришга туртки беради.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?