Палаткадаги мулоқот эртанги кунга ишонч уйғотди

Фото: Абдулазиз Абдурашидов
Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Паркент. Янги Санганак маҳалласи. Ўша куни туман марказидан қарийб 30 км узоқликда жойлашган бу қишлоқда учта палатка тикланди. Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшонда қор бўлмасада, Янги Санганакка келган кишининг қадамларига бу замин қор билан пойандоз тўшаганди. Ахир, қишнинг бир куни ҳам – қишда.

Совуқдан қочган киши борки, ўзини панага – кимдир машинасига, кимдир хонадонга югурди, биз палаткага кирдик. Палатка уч чодирнинг энг биринчиси бўлиб, бу ерда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари сайёр қабул ўтказаётганди.

— Ўттиз яшар ўғлим икки йил аввал хорижга ишлашга кетганди, — дейди санганаклик уй бекаси Зулайҳо Убаева. — Ўзга юртда сарсон-саргардон юрганди. Икки ой олдин ҳокимият вакиллари мигрантлар билан онлайн мулоқот бўлди. Ўшанда ўғлим мулоқотга уланиб, ўз муаммоси билан масъулларга мурожаат қилди. Уч кундаёқ бағримизга қайтиб келиб, ҳозир касб-ҳунарга ўқимоқда.

«Қишлоқда бир кун» лойиҳаси доирасида Бўстонлиқ туманидаги «Писком», Ангрен шаҳридаги «Лашкарак» қишлоқларида ҳам мулоқотлар ташкил этилганди. Биринчи палаткада мутасаддилар аҳоли мурожаатларига қулоқ тутган бўлса, иккинчи палаткада прокуратура, суд органлари санганакликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатди.

Палаткадагиларнинг ўзаро мулоқотидан маҳалла ҳудудида жойлашган 21-умумий ўрта таълим мактабида аҳоли учун сайёр тиббий кўрик ташкил этилгани маълум бўлди.

— Юрагимдаги муаммолар бўйича шифокорларга мурожаат қилдим, — дейди 53 ёшли Санобар опа Тўраева. — Улар саломатлигимни кўздан кечириб, зарур тавсиялар беришди. Узоқ жойда яшаганимиз учун туман марказидаги шифохонага боришга вақт ҳам, вазият ҳам бўлмасди. Шу туфайли тиббиёт ходимларининг ўзлари қишлоғимизга келганидан бағоятда мамнун бўлдик.

— Тиббиётни олис жойлардаги аҳолига имкон қадар яқинлаштириш асосий вазифамиз, — дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқулов. — Энг аввало, скрининг текширувларига эътибор берамиз. Бу орқали беморларда қанд касаллигининг олдини олиш, турли ёшга доир хасталикларни таҳлил қиламиз. Одатда, ҳавоси тоза, тоғли жойларда касалликка чалинишлар кам бўлади. Бироқ махсус рентген ва турли текширув аппаратларимиз билан жиҳозланган автотранспортларимизда мутахассислар талаб асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Айниқса, кўз касалликларини аниқловчи замонавий аппаратларимиз мавжуд бўлган мобил поликлиникамизни ҳам шу ерга олиб келганмиз.

Учинчи палаткада 1 минг 740 нафар аҳоли яшовчи «Янги Санганак» маҳалласида кўчма кинотеатр чодири тикланган. Бу ерда намойиш қилинган ҳужжатли фильмларда кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар бадиий-саҳнавий ифодасини топган. Санганакликлар боғдорчилик ва деҳқончиликка уста. Ўтган давр мобайнида 59 та ишсиз фуқарога деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ер ажратилди. Уларнинг доимий даромадга эга бўлиш учун бандлиги таъминланди. Чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан банд бўлганлар хонадонлар сони 200 дан ортади. Маҳаллада ногиронлиги бўлган шахслар 45 нафарни ташкил этса, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар 36 нафар, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар 7 нафардир.

Тадбирлар давомида аҳоли учун арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркаси ҳам ташкил этилди. «Янги Санганак» маҳалласида бўлиб ўтган «Қишлоқда бир кун» лойиҳаси аҳолига эртанги кунга ишонч уйғотди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг