«Пахтакор» – «Насаф». Яқин йилларда қандай ўйинлар бўлиб ўтган?
Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тури доирасида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Жар стадионида Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилади. Ушбу баҳс Суперлигадаги совринли ўринлар масаласини ҳал этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Мазкур учрашув олдидан ушбу икки жамоанинг яқин йилларда бўлиб ўтган энг муҳим ўйинларини ёдга оламиз.
«Насаф» 3:0 «Пахтакор»
Ўзбекистон Суперлигасининг 2020 йилги мавсумида Шота Арвеладзе бошчилигидаги «Пахтакор» асосий таъқибчиси «Насаф»дан 12 очкога илгарилаб кетиб чемпион бўлишни уддалайди. Бироқ Қашқадарё клуби 24-турда чемпионни ўз майдонида қабул қилади ва йирик ҳисобда ғалаба қозониб, мухлислари кўз ўнгида мавсумни аъло даражада якунлайди.
Учрашувнинг 6-дақиқасида Шароф Муҳиддинов ҳисобни очади. Иккинчи бўлимда Марко Станоевич ва Акмал Мозговой ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйишни уддалайди. Шу тариқа ўйин 3:0 ҳисоби билан Рўзиқул Бердиев жамоасининг ғалабаси билан якунланади.
«Насаф» 2:3 «Пахтакор»
2021 йилги мавсум бошида «Пахтакор» ва «Насаф» Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйинда иштирок этади ва ушбу баҳсда шерлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади.
Орадан 4 кун ўтиб, энди ушбу жамоалар Суперлиганинг дастлабки турида ҳам ўзаро ўйин ўтказади. Қаршидаги Марказий стадионда кечган баҳс пойтахт клубининг иродали ғалабаси билан кўпчилик хотирида қолади.
Учрашувнинг биринчи бўлимида Шоҳмалик Комилов ҳисобни очади. 61-дақиқада Шокир Йўлдошев «Насаф»нинг иккинчи голини киритади.
Сўнгги 20 дақиқа эса «Пахтакор» клуби ғалабани илиб кетади. Дастлаб 72-дақиқада Сардор Рашидов пенальтидан гол киритиб, ҳисобни қисқартиради. 81-дақиқада Акмал Мозговой ўз дарвозасига тўп киритиб қўяди. 87-дақиқада эса захирадан ўйинга қўшилган Иброҳимхалил Йўлдошев «Пахтакор»нинг ғалаба голини киритади.
«Пахтакор» 1:2 «Насаф»
2021 йилги мавсум Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финалига «Пахтакор» ва «Насаф» жамоалари йўл олади. Ўйин Самарқанд шаҳридаги «Динамо» стадионида бўлиб ўтади.
Финалда ҳисобни 28-дақиқада «Насаф»нинг собиқ футболчиси Одил Ҳамробеков очади. Орадан 5 дақиқа ўтиб, «Насаф» етакчиси Ойбек Бозоров майдондан четлатилади. Ушбу ҳолатдан сўнг, «Насаф» клубининг финални ютиш имкониятлари бирмунча камаяди. Бироқ Қарши клуби шу куни иродали ғалабага эришади.
38-дақиқада Баҳром Абдураҳимов ҳисобни тенглаштиради. Иккинчи бўлимнинг 75-дақиқасида Ғолиб Ғайбуллаев «Насаф»нинг ғалаба тўпини киритади. Шу тариқа «Насаф» клуби ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон кубоги мусобақасида ғолиб бўлади.
«Пахтакор» 1:1 «Насаф»
2024 йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйин ўтказилади. Баҳсга «Бунёдкор» стадиони мезбонлик қилади.
Ўйиннинг 54-дақиқасида Драган Черран пенальтидан ҳисобни очади. 80-дақиқада эса Шароф Муҳиддинов мувозанатни тиклайди.
Ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якунлангач, ғолиб номи пенальти зарбаларида аниқланади.
Серияда эса «Насаф» посбони Абдувоҳид Неъматов ҳақиқий қаҳрамонга айланади — у 3 та пенальтини қайтариб, ўзи бешинчи зарбани ҳам аниқ амалга оширади. Шу тариқа «Насаф» Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби бўлади.
«Пахтакор» 6:3 «Насаф»
2024 йил мавсум Ўзбекистон кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичида «Пахтакор» ва «Насаф» бир гуруҳдан жой олган эди. Гуруҳ босқичининг 3-турида «Насаф» клуби Жар стадионида «Пахтакор»га қарши майдонга тушди. Иккинчи турда Рўзиқул Бердиев шогирдлари «ОКМК» клубига мағлуб бўлгани учун агар ушбу ўйинда ғалаба қозонолмаса, мусобақа билан хайрлашишига тўғри келарди. Амалда ҳам шундай бўлди.
Учрашув «Пахтакор»нинг 6:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ғолиблар таркибида голларга Игор Сергеев (3 та), Маҳмуд Муҳаммаджонов, Иброҳим Ибрагимов ва Дилшод Абдуллаев муаллифлик қилди. «Насаф»нинг жавоб голлари эса Стефан Чолович, Акмал Мозговой ва Ҳусайн Норчаев ҳисобига ёзилди.
Шу тариқа бўлғуси чемпион асосий рақибини гуруҳ босқичидаёқ мусобақадан чиқариб юборди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг