Озон қатламини муҳофаза қилишга бағишланган семинар ўтказилди

10:08 16 Сентябр 2025 Сиёсат
54 0

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан 16 сентябрь Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни муносабати билан семинар ўтказилди.

Семинарда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, доимий комиссия раислари, Қўмита Экспертлар кенгаши аъзолари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилиниши билан озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг аниқ механизми яратилди.

Мазкур Конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар – хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви кўзланган.

Семинарда мутахассислар томонидан озон қатламининг емирилиши инсониятда тери куйишлари, пигментация бузилишлари ва тери саратони (меланома) хавфини ошириш, ультрабинафша нурларининг ортиши натижасида катаракта (кўз гавҳарининг хиралашиши), тўр парда шикастланиши ва бошқа кўз касалликлари келиб чиқишига, шунингдек, инсон иммун тизимини заифлашига олиб келиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан буён Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал протоколи иштирокчиси ҳисобланади.

Семинарда Ўзбекистон Монреал протоколига киритилган бешта тузатишдан тўрттасига қўшилгани ва ушбу халқаро шартномалар асосида озон қатламини емирувчи моддалар истеъмоли талабларини тўлиқ бажариб келаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Монреал баённомаси Кигали тузатмасига қўшилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилаётганлиги келтириб ўтилди.

Шу билан бирга, озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси талабларини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар ҳолати, шунингдек, мазкур баённома талабларини амалга ошириш механизми ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилинди.

Семинарда маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?