Ўзини дарёга ташлаган аёлни қутқарган капитанга муддатидан аввал «майор» махсус унвони берилди

14:48 30 Январь 2026 Жамият
297 0

Вобкентлик профилактика инспектори капитан Амрилло Расулов муносиб тақдирланди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Маълумки, капитан А.Расулов кеча, 29 январь куни соат 16:30 лар орасида Вобкент тумани марказидан оқиб ўтувчи дарёга ўзини ташлаган аёлни қутқариш учун сувга сакраб, уни қирғоққа олиб чиққан эди.

Бугун, 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун капитан Амрилло Расуловга муддатидан олдин «майор» махсус унвони берилди.

«Инсон ҳаётини сақлаб қолиш — ички ишлар органлари ходимининг энг олий бурчидир. Жорий йилнинг 29 январь куни Бухоро вилояти Вобкент туманида ўз хизмат вазифасини ўтаётган профилактика инспектори ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди.

У дарёнинг муздек сувига ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган 4 нафар фарзанднинг онасини сўнгги сонияларда қутқариб қолди. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, фидоийлик кўрсатган Вобкент тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси инспектори, капитан Расулов Амрилло Темир ўғли муносиб тақдирланди», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?