«Ўзимизни гўё уруш ҳолатида бўлгандай ҳис қилдик»: янги йил арафаси Германия кўчаларида тартибсизликлар авж олди

14:05 01 Январь 2026 Дунё
131 0

Янги йил арафасида Германия кўчалари «уриш ҳолати»дагидек кўриниш олди. Бу ҳақида BILD нашри маълум қилди.

Германия федерал полиция касаба уюшмаси раҳбари Андреас Росскопфнинг маълум қилишича, мамлакат шаҳарларида Янги йил арафасида кузатилаётган тартибсизликлар тобора ҳарбий ҳаракатларни эслатмоқда.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Янги йил арафасида полиция ходимлари ва қутқарув хизматларига мушакбозлик воситалари билан уюштирилаётган ҳужумлар ачинарли анъанага айланиб улгурган. Шунга қарамай, ушбу муаммога расмийлар томонидан етарли чоралар кўрилмаган.

«Афсуски, кенг жамоатчилик норозилигига қарамасдан, охирги Янги йил арафасидаги тартибсизликлардан бери сиёсий жиҳатдан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Йирик шаҳарларимизнинг айрим ҳудудларида ўзимизни гўё уруш ҳолатида бўлгандай ҳис қилдик», — дейди Андреас Росскопф.

Шунингдек у, тергов жараёнлари жуда чўзилиб кетаётгани ва тартибсизликларда иштирок этган шахсларга нисбатан тайинланаётган жазолар кўп ҳолларда ҳаддан ташқари юмшоқ эканини танқид қилди.

Росскопф Берлин шаҳрини мисол сифатида келтириб, 2025 йил ноябрь ойи охирига келиб, олдинги Янги йил арафаси билан боғлиқ тахминан 230 та жиноий иш ҳалигача очиқ қолганини очиқлаган.

Қўшимча қилинишича, бундай ҳолатларга барҳам бериш учун қонунбузарларга нисбатан қатъий жазолар зудлик билан қўлланилиши шарт.

«Бундай бўлмаслиги керак. Ҳамкасбларимиз ҳақиқий қўллаб-қувватлашга муҳтож, чунки айнан шу кунларда уларнинг ҳаёти ва соғлиғи жиддий хавф остида қолади», — дея таъкидлаган у.

Сўнгги йилларда ҳар бир Янги йил арафасида фавқулодда хизмат ходимларининг хизматга чиқиши жароҳат олиш хавфи юқори бўлган вазиятга айланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?