ЎзДЖТСУда касбий (ижодий) имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида рақамлаштириш тизими жорий қилинмоқда

01:38 30 Июль 2022 Спорт
754 0

Фото: minsport.uz

2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (ЎзДЖТСУ)да спорт турлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларда инсон омилининг таъсирини кескин камайтириш, имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида рақамлаштириш тизими жорий этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, бундай тизим олдин ҳеч бир олий таълим муассасасида жорий қилинмаган. Илк маротаба ушбу тизим ЎзДЖТСУда амалиётга татбиқ этилмоқда. Унга кўра, ҳар бир спорт таълим йўналиши бўйича Комиссия таркиби аъзолари 4-8 нафаргача бўлади. Комиссия раиси ва аъзолари планшет билан таъминланади. Улар вазирлик томонидан яратилган махсус дастур асосида абитуриентларнинг ЖШШИР коди орқали касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини имтиҳон вақтида тўғридан-тўғри тизимга киритади. Комиссия раиси аъзолар томонидан киритилган натижа ва қўйилган баҳоларни кўриб чиқиб тасдиқлайди. Комиссия раиси томонидан абитуриентларнинг касбий (ижодий) имтиҳон натижалари тасдиқланган вақтда абитуриент телефон рақамига SMS орқали натижа ва баҳолари келиб тушади. Бу эса баҳони турли йўллар билан ўзгартириш имконини бермайди.

Электрон ахборот тизимида ҳар бир абитуриент ҳақида маълумотдан тортиб, жамғарган балларигача сақланади. Шунингдек, имтиҳон жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтиши учун касбий (ижодий) имтиҳон бўладиган объектлар 40 дан ортиқ кузатув камералари билан жиҳозланган. Абитуриент ва уларнинг яқинлари томонидан эътироз билдирилган тақдирда ёки бошқа ҳолатларда комиссия аъзолари ўрганиб чиқиши учун имкониятлар мавжуд.

Бундан ташқари, абитуриентларнинг яқинлари имтиҳон ўтказилиш жараёнини онлайн кузатиб бориш учун касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган ҳудудларда электрон мониторлар ўрнатилади. Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари имтиҳон.жтсу.уз веб-сайти орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Шу билан биргаликда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча маълумотлар Uztelecom акциядорлик компанияси махсус базасида сақланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер