«Ўзбеккосмос» агентлиги 2024 йилда амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан ахборот берди

Фото: Сирожиддин Воҳидов/«Халқ сўзи»
Шу йилнинг 16 январ куни АОКАда «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ўтган 2024 йилда амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Хусусан, ўтган даврда аэрокосмик технологияларни қўллаган ҳолда олиб борилаётган Давлат космик мониторинги тизими орқали экология, геология, қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, сув хўжалиги ва ўрмон хўжалиги каби соҳалар таҳлил қилиниб, 100 мингдан ортиқ эҳтимоли юқори бўлган қонунбузилиш ҳолатларни аниқлади.

Агентлик муассислигидаги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази томонидан ер муносабатлари йўналишида бутун республика кесимида 96 минг 312 та қарийб 9 минг 200 гектар эҳтимоли юқори бўлган ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, космик суратларни қайта ишлаш натижасида геология йўналишида республика бўйича 2 минг 426 та ноқонуний карьер, қазиб олиш ишлари олиб борилаётган 2 543 гектар майдон аниқланди. Шундан 1 минг 433 таси яъни 1 442 гектари рухсатномасиз қазиш ҳолатларига, 390 таси 440,5 гектари чегара бузилиши ҳамда шартнома асосида берилган лойиҳа контуридан четга чиқиш ҳолатларига ва 603 таси 660,3 гектари дарё муҳофаза зоналарида ноқонуний қазиш ҳолатларига тўғри келмоқда.

Қолаверса, Давлат космик мониторингги доирасида экология йўналиши бўйича 12 та ҳудуднинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд эканлиги аниқланди. Улардан 123 таси яъни 255,5 гектари чиқинди сақлаш полигонлари чегарасидан ташқарига чиқиш, 1 805 таси 465,3 гектари эса ноқонуний чиқинди полигонлари сифатида қайд этилди.

Аҳамиятлиси, бу каби ноқонуний чиқинди полигонларининг ташкил этилиши аввало атроф муҳит ва экологияга катта салбий таъсир ўтказиб, тупроқ, сув ва ҳаво сифатининг бузилишига олиб келади. Қолаверса, зарарли ҳашаротлар кўпайиши, инфекцион касалликларнинг ортиши, инсонларда ўпка саратони ва нафас олиш нуқсонларининг ривожланишига сабаб бўлади.

Шунингдек, «Ўзбеккосмос» агентлиги атроф муҳит ҳамда ер унумдорлигига етказилаётган зарарларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида космик мониторинг орқали Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарёда 2024 йилнинг июнь июль ойларида бошоқли дон экинларидан бўшаган 31 минг 483,2 гектар майдонда сомон поялари ва қолдиқлари ёниши билан боғлиқ жами 2 минг 266 та ҳолатни аниқлади.

«Ўзбеккосмос»нинг 2024 йил давомидаги фаолияти кўплаб ёрқин воқеалар ва ҳодисалар, янгиликлар, тарихий қарорлар ва ўзгаришларга ҳам бой бўлди. Яъни бевосита агентлик фаолиятига тааллуқли 1 та Қонун, 1та Фармон ва Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди. Шунингдек, яна бир Қонун Сенаторлар томонидан тасдиқланди.

Хусусан, АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи томонидан 1967 йил 27 январда имзоланган «Космик фазо, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принтсиплари тўғрисида»ги шартномага Ўзбекистон 115чи давлат сифатида қўшилди. Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз учун космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, космоснинг барча ҳудудларига эркин кириш, шунингдек, халқаро космик лойиҳаларда, ресурслар ва билимлар алмашинувида қатнашиш имкониятини очиб берди.

Қолаверса, энг муҳим тадбирлардан яна бири бу Тошкентда ўтган МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлди. Унда Россия Федерациясининг «Роскосмос» Давлат корпорацияси вакиллари, Беларусь ва Тожикистон Республикаларининг миллий фанлар академияси Аэрокосмик фаолияти экспертлари, Қозоғистон Республикасининг Аэрокосмик қўмитаси раҳбарияти ва Арманистон Республикасининг космик соҳадаги мутахассислари иштирок этишди.

Шу билан бирга, агентлик вакиллари Вена шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Космик фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича қўмитасининг 67-йиғилишида, Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида, АҚШда ўтган «Эсри Девелопер Суммит — 2024» ва «Сателлите – 2024» конференцияларида, Остона ва Анқара шаҳарларида ўтган Туркий давлатларнинг космик ташкилотлари вакилларининг йиғилишида, Италиянинг Милан шаҳрида ўтган 75–Халқаро астронавтика конгрессида, Хитойнинг Деқинг, Таиланднинг Бангкок, Индонезиянинг Жакарта шаҳарларида ўтган семинарларда ҳам иштирок этишди.

2024 йилда шунингдек «Ўзбеккосмос» агентлиги илк бора Ўзбекистонда «Бутунжаҳон космос ҳафталиги»гини ўтказди. Унинг доирасида кўплаб йирик лойиҳалар, хусусан, «Ташкент cитй малл» савдо – кўнгилочар марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма, болажонлар учун мажмуадаги «Скй Парк» томонидан турли интерактив шоу ўйинлар, танлов ва викториналар, бутун Республика бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей ва университетларда «Бутунжаҳон космос ҳафталиги» мавзусига бағишланган очиқ дарслар, суҳбатлар, тақдимотлар ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Ёшларнинг космонавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида «Ўзбеккосмос» агентлиги жорий йилда 10 нафар иқтидорли мактаб ўқувчиларини Туркиянинг Бурса шаҳридаги «ГУҲEМ» космик ва авиация марказига юборди. У ерда ёшлар 150 дан зиёд интерфаол машғулотларда иштирок этиб, симуляцион космик сунъий йўлдошлар, авиация тизимлари билан яқиндан танишишди.

Шу билан бирга, бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасида «Ўзбеккосмос» ва «НАСА» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2024» ҳакатон тадбири ҳам ўтказилди. Унда 200 нафарга яқин ёшлар 40 дан ортиқ жамоаларга бўлинган ҳолда «НАСА» томонидан берилган долзарб 30 та мавзу бўйича ўзларининг ечим ва креатив лойиҳаларини ишлаб чиқишди. Қайд этиш лозим, «NASA Space Apps Challenge 2024» танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларидан 180 мингдан зиёд ёшлар қатнашишади.

Бундан ташқари, 2024 йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Янги ҳаёт» аэродромида ОТМ талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида «CанСат» лойиҳаси амалга оширилди. Яъни, йиғилган 120 нафар ёш ихтирочилар ўзлари ишлаб чиққан мини сунъий йўлдошларни дрон ёрдамида 200 ва 500 метр баландликкача учиришди.

Айнан ёшларнинг космос соҳасига бўлган қизиқиш ва билимларини ошириш мақсадида «Алоқа тарихи музейи»да Ўзбеккосмос агентлиги ташаббуси билан махсус экспозиция очилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг