Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Туркманистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди

20:25 26 Сентябр 2025 Сиёсат
60 0

Жорий йил 26 сентябрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Туркманистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Таъкидланганидек, элчихоналар ўз фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган «йўл хариталари»ни ижро этиш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий туристларнинг мамлакатимизга қизиқишини ошириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш каби йўналишларда амалга ошираётгани қайд этилди.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё тинчлик, яхши қўшничилик, шериклик ва барқарор тараққиёт минтақасига айлангани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни янада ривожлантириш бўйича ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор берилди.

Эшитувда қўшни мамлакатлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини, савдо-иқтисодий, кооперация, транспорт-логистика, туризм, маданий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари устувор вазифа экани таъкидланди.

Шу билан бирга, парламентлараро ҳамкорлик ва халқ дипломатиясини, ҳудудлараро ҳамкорликни, айниқса, чегарадош вилоятлар ҳамда туманларнинг иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини, шунингдек, ҳудудларнинг маҳаллий Кенгашлари ўртасида алоқаларни янада фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Дипломатик ваколатхоналарнинг фаолияти самарадорлигини оширишда ҳамда масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?