Ўзбекистоннинг крикет жамоаси Ҳиндистон жамоасини мағлуб этди

00:30 05 Май 2021 Спорт
1765 0

Крикет оммавийлиги жиҳатдан футболдан кейинги ўринда туради. Мазкур спорт турини мамлакатимизда кенг оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон крикет федерацияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Крикетни кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар орасида ушбу спорт турини оммалаштириш, қолаверса, иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш ва терма жамоаларга жалб этиш мақсадида пойтахтимиздаги "Ёшлик" спорт мажмуасида Ўзбекистон крикет федерацияси Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорлигида крикет бўйича ўртоқлик мусобақаси  ўтказилди. 

Унда Тошкентнинг "Аnfa” крикет клуби Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги  элчихонаси вакиллари ҳамда мамлакатимизда яшаб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ҳиндистонликлардан иборат “India Club Tashkent” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Айни пайтда крикет бўйича жамоаларимиз орасида етакчилик қилаётган Тошкентнинг "Аnfa” жамоаси рақибга муносиб қаршилик кўрсатди. Икки бўлимдан иборат муросасиз ўйинда "Аnfa” “India Club Tashkent” жамоасини 2 очко фарқи  билан (119:121) мағлуб этди.

"Бизни ушбу ўйинга таклиф этгани учун Ўзбекистон крикет федерациясига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўйин жуда ҳам қизиқарли кечди. Крикет спорти Ҳиндистонда жуда ҳам машҳур спорт тури ҳисобланади ва бизнинг жамоалар дунёдаги энг яхшилар сафида эътироф этилади. Шунингдек, Ҳиндистон ушбу спорт турини жаҳон бўйлаб тарғиб қилишга ҳаракат ҳам қилади. Ўзбекистонда крикет бўйича яхши жамоа шаклланиб келаётганидан жуда хурсандман. Ҳиндистон элчихонаси Ўзбекистонда  крикетни қўллаб-қуватлашга ҳаракат қилади. Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга юборган гуманитар ёрдами учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз", дейди Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат.

"Ҳамкорликда ташкил этилган ўртоқлик учрашувида мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳиндистонлик, покистонлик ва афғонистонлик дўстларимиз мухлис сифатида ҳам келиб, ўйинни кузатиб боришди. Бундай баҳслар крикетни оммавийлигини таъминлаш, ёшлар орасида ривожланишига туртки беради. Қолаверса, "Аnfa” жамоаси учун бу каби ўйинлар тажрибани бойитишга хизмат қилади. Федерациямизнинг ривожланиши йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирадиган бўлсам, аввало биз халқаро майдонга чиқишимиз учун Халқаро крикет кенгаши томонидан айрим талаблар қўйилган ва шу талаблар устида жадал суратларда иш олиб боряпмиз. ХККнинг асосий талабларига кўра Ўзбекистон крикет федерациясининг ўз ҳисобида бўлган  иккита крикет майдони бўлиши шарт. Шунингдек, эркаклар ва аёллардан иборат саккизтадан жамоалар ташкил этилиши керак. Биз ҳозирда крикет майдончаларининг қурилиш жараёнлари, жамоаларнинг шакллантириш ишларига асосий эътиборни қаратганмиз. Бундан ташқари, ёшларни крикетга жалб этиш ва ривожлантириш мақсадида ҳар ойда мусобақалар ташкил этаяммиз", дейди Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер