Ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга тайёр — Тадқиқот

22:16 21 Октябр 2021 Жамият
833 0

2021 йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Давлат ва жамият ҳаётидаги ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа истиқболда мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан янада ривожланиши учун устувор аҳамият касб этади.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази 2021 йилнинг май — октябрь ойлари давомида турли усуллар билан жамоатчилик фикри сўровлари, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситаларининг (веб-сайтлар) мониторинги контент-таҳлилини қамраб олган комплекс социологик тадқиқотлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак сайловга бағишланган тадқиқотларнинг барча босқичларида 7800 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар иштирок этдилар.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан ўтказилган комплекс тадқиқотлар натижалари сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий жараёнларда, давлат ва жамият ишларини бошқаришда, давлат ҳокимиятининг асосий — мамлакат Президенти — институтини демократик тамойиллар асосида, амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга тўлиқ мос равишда шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини тасдиқламоқда.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўровларининг натижалари шундан далолат берадики, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Президент сайловини мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, деб ҳисоблайди ва овоз беришда иштирок этиш зарурлигини англайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак сайлов ва унинг ўтказилиш санаси ҳақида хабардорликнинг юқори даражасини намоён этмоқда.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётга ва умуман сиёсатга бўлган қизиқиш сиёсий онгнинг сиёсий билимни шакллантириш, муайян сиёсий мойилликлар ва йўналишларни онгли равишда танлаш ҳамда президентликка бўлажак сайловларда иштирок этишга замин яратувчи асосий тавсифи ҳисобланади.

Электорал тадқиқотлар натижалари мониторинги шуни кўрсатдики, Президентликка бўлажак сайлов фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига интеграциялашуви даражасини оширишга хизмат қилади, Президент сайловини ўтказиш санаси яқинлашгани сайин, мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётига қизиқиш билдираётган фуқароларнинг сони ортиб бормоқда ҳамда мамлакатда ушбу соҳада содир бўлаётган ўзгаришларни кузатиб бормаётган респондентларнинг фоизи камаймоқда.

Жамоатчилик фикри сўрови давомида Ўзбекистон Президентлигига бўлажак сайловда иштирок этишга аҳоли тайёрлигининг юқори даражаси аниқланди: ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ўзларининг шахсан таъкидлашларича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бўлажак сайловида иштирок этишга тайёр.

Ўтказилган тадқиқот натижалари кўрсатганидек, жамоатчилик фикрида мамлакат Президентлигига бўлажак сайловларнинг муҳимлигини ва фуқароларнинг овоз беришда шахсан иштирок этиши зарурлигини англаб етиш устуворлик қилмоқда. Бевосита юзма-юз усулдаги сўров иштирокчилари бўлган 89,2% фуқаролар ва телефон сўровининг 87,4% иштирокчилари фикрига кўра, Президент сайловида овоз беришда иштирок этиш ўзбекистонликлар учун мамлакат, жамият, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади ва улар демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳаётнинг барча соҳаларини модернизация қилиш ва эркинлаштириш, Ўзбекистон халқининг фаровонлигини ошириш жараёнларини ушбу воқеа билан боғламоқдалар.

Умуман олганда, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – 2021» мавзусидаги жамоатчилик фикри комплекс сўровларининг натижалари фуқароларнинг ижобий ижтимоий кайфиятлари юқори даражадалиги ва ўзбекистонликларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга тайёрлигини аниқлаб берди.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари мамлакат Президентлигига бўлажак сайловда аҳолининг юқори электорал фаоллик намойиш этишини прогноз қилиш имконини беради, чунки тадқиқотларнинг барча босқичлари якунланаётган вақтда аксарият ўзбекистонликлар 2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак сайловда иштирок этишга тайёрлигини билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?