Ўзбекистонлик талабалар халқаро чемпионатда энг яхшилар қаторидан жой олди

18:49 18 Апрель 2025 Жамият
219 0

Яқинда Беларусь Республикасининг Жодино шаҳрида “БEЛАЗ” ОАЖ базасида МДҲ давлатларининг етакчи техник олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “BELAZ CHALLENGE — 2025” номли машинасозлик ишлари бўйича халқаро чемпионат бўлиб ўтди.

“BELAZ CHALLENGE — 2025” — халқаро таълим лойиҳаси бўлиб, у МДҲ мамлакатларидаги техник олий ўқув юртларининг энг яхши талабалари орасида тоғ-кон саноати муаммоларини ҳал этиш, мавжуд масалаларга истиқболли ечимлар топиш бўйича ноёб имконият яратувчи платформадир.

Интеллектуал баҳсларда 10 та жамоа, шу жумладан, Ўзбекистондан “Миллий технологик тадқиқотлар университети МИСиС”нинг Олмалиқ филиали жамоаси қатнашди. Мазкур кенг кўламли форумда Ўзбекистон шарафини филиалнинг кончилик бошқармаси жамоаси юқори тайёргарлик, муҳандислик тафаккури ва жамоавий руҳни намоён этган ҳолда ҳимоя қилди.

Қизғин кечган беллашувда талабалар умумжамоа ҳисобида 51 очко жамғариб, Урал давлат кончилик университети, Сибирь федерал университети ва бошқа олий ўқув юртлари каби кучли рақобатчиларни ортда қолдириб, фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Жамоа таркибида Муҳриддин Жумақулов, Дониёр Элёров ва Кирилл Ивановлар бор эди.

Филиалнинг профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида талабаларнинг чемпионатга тайёргарлиги икки ярим ойдан ортиқ давом этди.

Тизимли ва интенсив машғулотлар туфайли талабаларимиз рекорд миқдордаги номинацияларни қўлга киритдилар. Хусусан, “Энг илғор видео визитка”, “Ички ёнув двигателларининг иссиқлик ҳолати” ишини ҳал қилишда энг ностандарт ёндашув”, “Талабалар лигасининг тан олиниши”, “БEЛАЗ объективда” фототанловида ғалабага эришилди.

Якуний рейтингда Олмалиқ филиали жамоаси фақат Санкт-Петербург кончилик университети (1-ўрин — 57 очко) ва Кузбасс техника университети (2-ўрин — 56 очко)га имкониятни бой берди.

“Миллий технологик тадқиқотлар университети МИСиС”нинг Олмалиқ филиали жамоасининг ғалабаси нафақат талабаларнинг шахсий муваффақияти, балки Ўзбекистон техник таълимининг халқаро майдондаги нуфузига қўшилган салмоқли ҳиссадир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?