Ўзбекистонлик пара пауэрлифтингчи Рухшона Ўктамова жаҳон ва Осиё рекордини янгилади

18:03 05 Март 2024 Спорт
579 0

Фото: Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси

Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларинг Дубай шаҳрида пара пауэрлифтинг бўйича Жаҳон кубоги бўлиб ўтмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Хусусан, бугун Жаҳон кубоги доирасида ёшлар ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда ҳамюртимиз Рухшона Ўктамова (-55 кг) яккаликда 102 кг, умумий ҳисобда 199 кг оғирликни бўйсундириб, 2 та олтин медалга сазовор бўлди. Эътиборлиси, Рухшона ушбу натижаси билан ёшлар ўртасида Осиё ва жаҳон рекордини ўрнатди. Бундан ташқари, у жаҳон рейтингда 8-ўринга кўтарилиб олиб, "Париж-2024" ёзги Паралимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритиш учун муҳим қадам ташлади.

Вакилимиз Ақидахон Ахтамова (-50 кг) яккалик беллашувларида 103 кг натижа билан кумуш, умумий натижага кўра 301 кг натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Рўза Қўзиева (-73 кг) эса яккаликда 120 кг натижа билан бронза, умумий натижага кўра 345 кг натижа билан олтин медални қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида Ҳусниддин Усмонов (-88 кг) яккаликда 206 кг натижа билан бронза, умумий натижаларга кўра эса 612 кг натижа қайд этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди.

Яккалик беллашувларида Фарҳод Умрзоқов (-97 кг) 217 кг, Илҳом Ҳалимов (-107 кг) 221 кг оғирликни бўйсундириб бронза медалларига эгалик қилди.

Мусобақа давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?