Ўзбекистонлик чавандозлар халқаро турнирнинг мутлақ ғолиби

17:30 01 Июнь 2021 Спорт
411 0

2021 йилнинг 27 — 30 май кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича «FEI Jumping CSIO1-W Worid Cup Eurasian League» вa «FEI Jumping Nations Cup» халқаро мусобақалари бўлиб ўтди.

Халқаро от спорти федерацияси ва ЕвроОсиё от спорти ассоциацияси шафелигида ўтказилган мазкур халқаро турнирларда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан чавандозлар совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Мусобақада ЕвроОсиё от спорти ассоциацияси вице-президенти ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорт федерацияси раиси Баҳромжон Газиев раҳбарлигида йигирма нафар спортчи иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритди.

Жумладан, мусобақанинг биринчи куни чавандозларимиз учун омадли бўлди. 140 см баландликка сакрашда халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Қурбонов «Қирол Корнет Л» лақабли отида биринчи ўринни қўлга киритди.

120 см баландликка сакраш баҳсида халқаро тоифадаги спорт устаси Саидамирхон Турғунбоев «Корнет БС» лақабли отида биринчи ўринга сазовар бўлди.

Мусобақа доирасидан ўрин олган Гран-при туркумига кирувчи баҳсларда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари биринчи ўринни эгаллаб, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия чавандозларини ортда қолдирди.

Биринчи ўринни халқаро тоифадаги спорт устаси Умид Комилов "Numero Uno Rafael" лақабли отида, Иккинчи ўринни Бекзод Қурбонов «Sir Stenograph» лақабли отида, 3-ўринни эса Қурбонов Бекзод «Қирол Корнет Л»да, 4-ўринни Нуржон Туякбаев "Lancelota" лақабли отида қўлга киритди.

Турнирнинг навбатдаги куни Ўзбекистон, Россия , Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакат вакиллари галдаги дастур — чавандозлар 130 см баландликдаги тўсиқдан ошиб ўтиш бўйича беллашишди.

Мазкур йўналишда барча совринли ўринларни Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари қўлга киритди. Жумладан, биринчи ўринни «Etos» лақабли тулпорда иштирок этган Ўзбекистон йилқичилик ва от спорт федерацияси раиси Баҳромжон Газиев эгаллади. Кейинги совринли ўринларни Саидамирхон Турғунбаев («Kastaniya») ва Аъзам Толиббоев («Ledi») қўлга киритди.

Қайд этилишича, бу кейинги йилларда ўзбекистонлик чавандозлар томонидан қўлга киритилган энг яхши натижа ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?