Ўзбекистонга «тош отган» чет элликлар мамлакатга киритилмайди. Депутатлар қонун лойиҳаси ишлаб чиқди

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиққан.
Киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланади.
Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи баёнотлар билан оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлади.
Шунингдек, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисоб-варақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади.
Қарорда қўшимча қилинишича, Ўзбекистонда вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг мамлакатда бўлиши номақбул деб топилиши унинг Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқини бекор қилишга ҳамда мазкур шахс депортация қилишга сабаб бўлади.
Хусусан, шахс мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
«Қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган», дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг