Ўзбекистонга кириш учун электрон визани 3 кунда расмийлаштириш имкони яратилади

12:39 07 Февраль 2025 Сиёсат
188 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент хизматлар соҳасида рақобатбардошликни ошириш бевосита ҳудуд ва тармоқларни рақамлаштириш даражаси билан боғлиқлигини таъкидлади.

Кадастр агентлигига кўчмас мулк манзилларининг ягона реестрини тез фурсатда охирига етказиш, Транспорт вазирлигига барча турдаги йўловчи транспортига чипта олиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириш кечикаётгани кўрсатиб ўтилди.

«Такрор айтаман. Қайси раҳбар рақамлаштиришни кечиктирса – очиқлик сиёсатимизга қарши чиққан бўлади», деди Президент.

Вазирлар Маҳкамасига ҳар бир вазир ва ҳокимга рақамлаштириш бўйича алоҳида KPI, аниқ вазифа ва муддатларни белгилаб бериш топширилди.

Мисол учун, Туризм қўмитаси туристлар меҳмонхона, дам олиш масканларини «бронь» қилиш, авиа ва темир йўл, музей, театрга чипта сотиб олиш, гид ва таржимонларни ёллаш каби хизматларни масофадан туриб олиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириши лозим.

Ёки, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари Ўзбекистонга кириш учун электрон визани 3 кунда расмийлаштириш имконини яратиши керак.

Сервисни ривожлантиришда қулай транспорт инфратузилмаси жуда муҳим.

Ўтган йили транспорт хизматлари 8,6 фоизга ўсиб, 145 триллион сўмни ташкил қилди. Лекин, юқори иқтисодий ўсиш учун бу етарли эмаслиги қайд этилди.

Маҳаллий экспедиторларни халқаро ташишдаги улушини ошириш учун улар ҚҚС тўлашдан озод этилди. Бунинг ҳисобига Транспорт вазирлиги маҳаллий корхоналар улушини бу йил 25 фоизга, 2026 йилда 50 фоизга олиб чиқиши зарур.

«Евро-5» ва ундан юқори экологик талабга мос юк автомобиллари яна 3 йилга божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди.

Хусусий авиакомпаниялар билан ишлаб, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус, Термизга авиақатновларни 2 карра ошириш, бу йил 15 миллион йўловчига хизмат кўрсатиб, авиация хизматлари ҳажмини камида 20 фоизга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳридан Янгийўл, Чиноз ва Сирдарё туманларига қатнайдиган замонавий электропоезд ҳаракатини йўлга қўйиш ишларини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ҳозирда темир йўл хизматлари экспортининг 50 фоизи транзит юк ташишга тўғри келмоқда.

Бу борада 2030 йилга бориб, транзит юк ҳажмини 22 миллион тоннага етказиш режа қилинган.

Шу боис мутасаддиларга 72 та замонавий йўл бўйи сервис объектларини қуриш учун автомобиль йўллари ёқасидаги бўш ерларни тадбиркорларга бериб, ишга тушириш топширилди.

Йирик мультимодал логистика марказлари сонини 2 карра кўпайтириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиб, ишларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?