Ўзбекистондаги пулли йўлларда 150 км/соат тезликкача ҳаракатланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда қурилаётган пулли йўлларда соатига 150 километргача тезликда ҳаракатланишга рухсат этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров маълум қилди.
Унинг таъкидича, “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда пулли йўллар фақат бепул йўлга муқобил трасса сифатида қурилиши белгиланмоқда. Яъни ҳар бир фуқаро танлов имкониятига эга бўлади — хоҳласа, давлат томонидан қурилган умумий йўлдан бепул ҳаракатланиши ёки вақтини тежаш мақсадида пулли йўл орқали юришни танлаши мумкин.
Ҳасан Умаровнинг сўзларига кўра, пулли йўллардаги ҳаракат тезлиги 150 км/соатгача оширилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, йўлдан фойдаланиш тўлови миқдори ҳукумат томонидан тасдиқланадиган махсус методика асосида ҳисобланади.
“Ҳозирги хомчўтларга кўра, 200 км масофадаги пулли йўл учун тўлов тахминан 100 минг сўм атрофида бўлади. Бу ҳисоб-китоблар ҳали ўзгариши мумкин”, — деди Умаров.
Қонунга кўра, пулли йўллардан тушган маблағлар аввало йўлларни сақлаш, таъмирлаш ва сифатини ошириш ишларига йўналтирилади. Агар йўллар давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бўлса, қолган даромад инвестор улуши сифатида ҳисобланади.
Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Фарҳод Зайниев таъкидлашича, пулли йўллар фақат янги, муқобил йўл сифатида барпо этилади ва мавжуд йўллар пуллига айлантирилмайди.
Шунингдек, қонунда фавқулодда ҳолатларда пулли йўллардан бепул фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилган. Тез ёрдам, ички ишлар органлари ва бошқа махсус хизматлар автотранспортлари учун эса пулли йўлдан фойдаланиш мутлақо бепул бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг