Ўзбекистонда ягона овчи аёл эканлиги айтилаётган Иқлима опа чўлда экотуризмни йўлга қўйди

Фото: «Халқ сўзи»
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Иқлима Жўраева янгиликка ўч тадбиркорлар сирасига киради. Жамоат ишларида фаол бу аёл турли йилларда турли ташкилотлар томонидан ўтказилган танловларнинг “Энг зўр пазанда”, “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли”, “Туризм соҳасининг энг шижоаткор аёли” каби йўналишларида ғолиб чиққан.
Иқлима опа билан суҳбатлашсангиз, мени бошқалар қўл урмаган ишлар ўзига оҳанрабодек тортади, дейди. У бошқараётган “Фирдавс Ўктам Амон Омади” масъулияти чекланган жамияти Ғиждувонда биринчи бўлиб экологик туризмни йўлга қўйди. Аниқроғи, чўлда жойлашган “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ер олиб экомаскан барпо этди. Бир миллиард сўм миқдоридаги сармоя ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг 31 минг доллари эвазига юзага келган масканда табиат шайдолари, хусусан, хорижий сайёҳлар учун зарур барча шарт – шароитлар яратилган. Бу ерда чўлнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб, мириқиб дам олиш, от ва туяларда сайр этиш, ўтовларда ҳордиқ чиқариш мумкин. Балиқ овлашни йўлга қўйиш мақсадида маскан ҳудудида сув ҳавзаси ҳам барпо қилинаяпти. Ҳудудда қирқ минг туп атрофида дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ўзига хос “яшил зона” ҳозирлангани ҳам диққатга сазовор.
Тиниб-тинчимас опахоннинг бийдай чўлда амалга ошираётган ишлари вилоят ҳокими Б. Зарипов эътиборидан ҳам четда қолмади. Яқинда ҳоким ушбу экомаскан фаолияти билан танишди, унинг биохилма – хилликни асраб – авайлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда экотуризмни ривожлантиришдаги ўрни юзасидан тадбиркор ва соҳа масъуллари билан фикрлашиб олди.
Иқлима опага келсак, айтишларича, у мамлакатимиздаги ягона овчи аёл саналади. Бу ишни махсус рухсатнома асосида бажаради, албатта. Ғиждувон шаҳрида қуён, каклик, илон гўштидан парҳезбоп, шифобахш таомлар тайёрлашга ихтисослашган тамаддихонаси ҳам бор.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг