Ўзбекистонда вафот этган шахснинг дафн маросими учун бир марталик нафақа тайинланиш электронлаштирилади

08:31 24 Март 2021 Иқтисодиёт
2432 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2021 йил 1 майга қадар ўзларининг ахборот тизимларини “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига интеграция қилишни таъминлайди. Бунда, жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида:

Ички ишлар вазирлиги – вафот этган шахснинг фуқаролик паспорти ёки ID-картаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳисобдан чиқарилишини, агар фуқаро қидирувда бўлса, қидирув ва жиноят-процессуал ишларига (ҳужжатларига) тегишли маълумотлар киритилишини;

Мудофаа вазирлиги – вафот этган шахс ҳарбий рўйхатдан чиқарилишини;

Ташқи ишлар вазирлиги – вафот этган чет эл фуқаролари ва чет элда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бўйича тегишли хорижий давлатга ёки унинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига хабар берилишини;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги – вафот этган шахс ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилишини;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – вафот этган шахс “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси ҳисобидан чиқарилишини;

Давлат солиқ қўмитаси – солиқ қарзи мавжуд бўлмаган вафот этган шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан чиқарилишини;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси – вафот этган шахснинг дафн маросими учун бир марталик нафақа тайинланишини ва унга бошқа турдаги пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўхтатилишини;

Давлат хизматлари агентлиги – вафот этган якка тартибдаги тадбиркорнинг Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестрида фаолияти тугатилган мақомига ўтказилишини таъминлайди.

2021 йил 1 майдан бошлаб ФҲДЁ органларининг ушбу бандда белгиланган органларга жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинганлиги ҳақидаги маълумотни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер