Ўзбекистонда туризм индустрияси жадал суръатларда тараққий этяпти

Сўнгги йилларда туризм соҳаси мамлакатимизда миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айланди. Бу борада соҳани жадаллик билан ривожлантиришга қаратилган 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
2021 йилнинг 15 март ҳолатига кўра, 90 та хорижий мамлакат учун визасиз режим татбиқ этилди. 2018 йил 15 июлдан электрон кириш визаларини бериш тизими йўлга қўйилди ва бу тизимдан 57 та давлат фуқаролари фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
2016 йилда 1,3 миллион нафар хорижий давлат фуқаролари мамлакатимизга сайёҳ сифатида ташриф буюрди. Бу кўрсаткич 2019 йилда 6,7 миллион нафарга етди.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонга зиёрат мақсадида узоқ хориж давлатларидан ташриф буюраётган сайёҳларнинг сонида ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2018 йилда узоқ хориж давлатларидан 325 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 35 фоизи, яъни 115 минг нафари мусулмон сайёҳлари ҳисобланади. 2020 йилда узоқ хориж мамлакатларидан юртимизга жами 83 минг нафар сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, бунда мусулмон сайёҳларнинг сони 49 787 нафар (59 фоиз) ни ташкил қилди.
Мазкур ташрифлар сонининг ижобий ўсиши, ўз навбатида, туризм хизматлари экспортининг ортишига олиб келди. 2016 йилнинг кўрсаткичлари билан таққосланганда 2019 йилда туризм хизматларининг экспорти 3 бараварга ошиб, 2019 йилда 1,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.
Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чоралар натижасида, 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатига туристик ташкилотларнинг сони 2016 йилда 484 тадан 1 400 тага, жойлаштириш воситалари 750 тадан 1 061тага (оилавий меҳмон уйи ва хостелдан ташқари), оилавий меҳмон уйлари 106 тадан (2018 йилда) 1 729 тага, хостеллар эса 30 тадан 257 тага етди.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда 8,8 миллион нафар маҳаллий сайёҳлар саёҳат қилган. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига маҳаллий ташрифлар сони 14,7 миллионга етди. Ўртача ички сайёҳлар ташриф сонининг йиллик ўсиши 18 фоизни ташкил қилган.
Туризм инфратузилмасини тартибга келтириш, жумладан, туризм объектларида Wi-Fi нуқталари ва йўл кўрсаткичлари ташкил қилинмоқда. 2020 йилда 1 480 та янги санитария-гигиена шохобчаси (СГШ) фойдаланишга топширилди. 2021 йилнинг 15 июнь ҳолатига кўра, республикадаги 4114 та автомобилга ёқилғи қуйиш станцияларидан 3491тасида СГШ ташкил қилинди ва уларнинг СГШ билан таъминланганлик даражаси 86,2 фоизга етди. Сайёҳлар учун126 та ахборот марказлари барпо этилди, 440 та янги туризм объектлари ўрганилиб, ушбу объектларнинг 250 таси туризм маршрутларига киритилди.
Ўзбекистон «Нью Йорк Таймс» (АҚШ) ва «Гардиан» (Буюк Британия) нашрларининг рейтингларида Дунёнинг туризм бўйича энг оммабоп мамлакати, «Wegoplace» саёҳатчилар портали томонидан Дунёнинг энг хавфсиз 5 мамлакатидан бири ҳамда «CrescentRating» (Сингапур) ва «Mastercard» ташкилотлари томонидан Дунёнинг зиёрат туризми бўйича энг оммабоп 10 мамлакатидан бири сифатида эътироф этилди.
Ички туризмни рағбатлантириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури жадаллаштирилади, «Ички туризм ойлиги», «Ички туризм ҳафталиги», «Ички туризм кунлари» ташкиллаштирилади, «оилавий саёҳат таътили»тизими орқали ташкилотларда фаолият олиб бораётган ходимлар саёҳати ташкил қилинади, авиа ва темирйўл чипталари40 фоизгача субсидияланади.
Саёҳатни оммалаштириш ва саёҳат қилишга қулайлик яратиш мақсадида 5 та расмий байрам кунларини (Мустақиллик куни, Наврўз умумхалқ байрами, Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайит (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) байрамлари)) нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар 3 кунданкам бўлмаган муддатга белгиланди.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5 фоизгача (2019 йил якуни бўйича — 2,6%) ва 2026 йил якунига қадар хорижий туристлар сонини 9 миллионгача етказилади, шу жумладан, узоқ хориждан — 2 миллион турист жалб қилинади.
Ҳудудларнинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш ва ўсиш нуқталарини белгилаш — асосий мақсад
Бугунги кунда сайёҳлар Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларига ташриф буюрмоқда ва бу шаҳарларда сайёҳлар «тирбандлик»лари вужудга келмоқда. Бошқа томондан инфратузилмада (транспорт, жойлаштириш воситаси ва Б.) муаммолар келиб чиқмоқда.
Ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, анъанавий туризм билан биргаликда бошқа туризм турларни таклиф қилиш ва ҳар бир ҳудудни туризмга ихтисослаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида эко, агро ва гастрономик туризм салоҳияти мавжуд. Хўжаобод туманида«Имомота» туризм маҳалласи, Хонобод туманида «Афсона дам олиш маскани», Шаҳрихон туманида “Ҳунармандлар маркази» ва Андижон шаҳрида «туризм кўчаси» ташкил қилинади.
Бухоро вилояти маҳаллий ва хорижий сайёҳлар орасида зиёрат туризм салоҳияти билан танилган. Бухоро вилоятида жами 829 та моддий-маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган бўлиб, 2022-2026 йилларда сайёҳлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари сони 139 тадан 200 тага етказилади.
Вилоятда халқ амалий санъатининг зардўзлик, заргарлик ва анъанавий ҳунармандчилик, гиламдўзлик, қандолатчилик шакллари ривожланган бўлиб, сайёҳлар томонидан мазкур маҳсулотлар кенг харид қилинади. Бухоро шаҳридаги ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Тарихий марказ» инфратузилмаси яхшиланади.
2022-2026 йилларда Абу Али ибн Сино туғилган жой - Пешкў тумани Афшона қишлоғида «Х аср этник қишлоғи»ни барпо этиш, Бухоро шаҳрида «Турки Жанди», Вобкент тумани «Ширин», Ғиждувон туманининг«Қўрғон» маҳаллаларида туризм қишлоқлари, Бухоро шаҳрида «гастрономик кўча», Қоровулбозор туманидаги«Жайрон» экомарказида туристик мажмуа барпо этилади.
Фарғона вилояти минтақада органик ва сифатли мева-сабзавот етиштириш – агротуризм имкониятлари билан ажралиб туради. Шу билан бирга, сайёҳлар вилоятга Риштон кулолчилик мактаби, Марғилон ипакчилик ва атлас маҳсулотлари, тоғ туризми, гастрономик ва зиёрат туризми билан танишиш мақсадида ташриф буюради. Вилоятда тиббиёт туризмини ривожлантириш имкониятлари юқори бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республика фуқаролари ҳам соғломлаштириш ва тиббиёт хизматларидан фойдаланади.
Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ, Юксалиш, Ал Фарғоний ва Каштанзор кўчаларини мужассамлаштирган «Туризм мавзеси» (Тоурисм авенуэ), Фарғона туманидаги «Аввал», «Водил» МФЙ ҳудудида туризм қишлоғи ва маҳалласи ташкил этилади, Олтиариқ туманида тиббиёт туризми йўналишида лойиҳалар амалга оширилади ҳамда Риштон кулолчилик маркази сайёҳлар ташриф объектига айлантирилади.
Жиззах вилоятида эко, агро, гастрономик, тоғ ва тиббиёт туризми ривожланган бўлиб, 2021-2026 йилларда «Зомин»туристик-рекреацион зонаси, «Суффа платоси 2 400» халқаро умуммавсумий курорти ва «Ўриклисой» туризм мажмуаси ишга туширилади. Фориш туманидаги «Ухум», Зомин туманидаги «Дуоба», Бахмал туманидаги«Мўғол» қишлоқларида туризм қишлоқлари ташкил қилинади.
Наманган вилоятида эко, этно, тоғ, агро (балиқчилик, мевали боғлар, йилқичилик), гастрономик, зиёрат, экстремал, тиббиёт туризм турларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд.
2022-2026 йилларда Наманган вилоятининг Поп туманида «Чодак», Янгиқўрғон туманида “Нанай», Чуст туманида “Ғова», Косонсой туманида «Олмазор» туризм қишлоқларини ташкил этиш юзасидан ишлар олиб борилади. Наманган шаҳрида «Гуллар сайлгоҳи» экотуризм объекти яратилади ва «Наманган - гуллар шаҳри» бренди янада оммалаштирилади ва вилоятдан ўтувчи халқаро йўл бўйида туризм ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинади.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё ва Норин дарёси қирғоқларида эко ва агро туризм лойиҳалари амалга оширилади ва сайёҳлар учун жойлаштириш, овқатланиш, кўнгилочар хизматлар ташкил қилинади.
Навоий вилоятига сайёҳлар геотуризм, рекреацион (Айдар-Арнасой кўллар тизими, Тудакўл сув ҳавзаси), зиёрат, этно, тиббиёт саргузашт туризми йўналишларида ташриф буюради.
2022-2026 йилларда Нурота туманининг «Сар Кориз» қадимий ер ости сув етказиб бериш қувурини реконструкция қилиш орқали очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ва «Центоб» МФЙда «Центоб туризм қишлоғи»ни ташкил қилиш, Навбаҳор тумани Сармишсой дарасидаги ноёб қоятош суратлари (петроглифлар), археологик-маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш мақсадида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритиш ва Кармана туманидаги «Амир Олимхон чорбоғи» тарихий масканини реконструкция қилиш чоралари кўрилади.
Қашқадарё вилоятида эко, экстремал, астро, этно, агро, гастраномик туризм турларини ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд бўлиб, қўшимча равишда треккинг, чодирли кемпинг, парашютдан сакраш, альпинизм, отда сайр қилиш каби хизматлар ташкил қилинади.
Келгуси беш йилда Шаҳрисабз шаҳридаги «Шаҳрисабз тарихий маркази»да «Шаҳрисабз гиламлари ва дўппилари» халқаро музейи, Қамаши туманида «Лангар ота» зиёратгоҳи яқинида «Ҳаттотлик» мактабини яратиш ва Шаҳрисабз туманининг “Мираки», «Сувтушар», «Кўл», «Ғелон» қишлоқлари, Китоб туманининг«Башир», «Қайнар» ва «Варганза» қишлоқлари, Яккабоғ туманининг «Татар» ва Миришкор туманининг«Жейнов» қишлоқларида «туризм қишлоқлари» ташкил қилинади.
Самарқанд вилоятида 1 607 та моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, вилоятда зиёрат, тарихий-маданий, экстремал, экологик, тоғ ва тиббиёт туризми турлари ривожланган. 2020 йилда республикада дастлабки «Конигил» туризм қишлоғи ташкил этилди.
2022-2026 йилларда вилоятда «Самарқанд туристик маркази» ва МИCЭ-туризм объектлари барпо этилади. Маданий мерос объектлари рақамлаштирилади, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур барпо эттирган«Боғибаланд» маҳалласи ҳамда «Шарқ» маҳаллалари «туризм маҳалласи», Ургут туманидаги «Терсак» ҳамда Паяриқ туманидаги «Чоштепа» қишлоқларида «туризм қишлоқлари» ташкил этилади. Нуробод туманида Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи атрофида осма дор йўллари, Нурбулоқ термал зонаси ва соғломлаштириш марказлариривожлантирилади.
Маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун Самарқанд шаҳрида тематик хиёбон, Имом ал-Мотуридий мақбарасинизиёрат марказига айлантириш, олий таълим муассасалари қошида зиёрат туризми йўналишида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.
Сирдарё вилояти агро, эко ҳамда тиббиёт туризм йўналишларида юқори салоҳиятга эга. Вилоятда “Бархан», «Чинор», «Калгансир» экотуризм масканлари ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Келгуси йилларда вилоятда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш орқали туризм ва савдо хизматлари ташкил қилинади, Сирдарё дарёси бўйида енгил конструкцияли жойлаштириш воситалари ва кўнгилочар хизматлар истиқболдаги сайёҳларга тақдим этилади. Агротуризм йўналишида интенсив боғлар, цитрус мевалар етиштириладиган иссиқхоналар, анорчилик ва балиқчилик хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали сайёҳларга қўшимча хизматлар кўрсатилади.
Сурхондарё вилоятида археологик, эко, агро, зиёрат, тиббиёт, гастрономик, экстремал туризм йўналишларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд.
2022-2026 йилларда вилоятнинг Сариосиё туманида «Цангардак», Шеробод туманида «Чорбоғ», Олтинсой туманида «Хўжаипок» ва Бойсун туманида «Омонхона» ҳамда «Сайроб» туризм қишлоғи ташкил этиш, Термиз шаҳрида «Гастрономик кўча», «Туризм кўчаси», «Кушонлар давлати тарихи» музейини барпо этиш, археологик ва зиёрат туризми объектларни сақлаб қолиш, Бойсун туманидаги Хўжамайхона дарасида«геологик парк» ташкил этиш, тиббиёт туризмига қўшни давлатлар фуқароларини жалб этиш юзасидан ишлар олиб борилади.
Тошкент вилоятида агро, эко, тоғ, тиббиёт, гастрономик, экстремал, тарихий-маданий, зиёрат туризми истиқболли йўналишлари ҳисобланади. Вилоятнинг сўлим табиати йилнинг тўрт фасли давомида сайёҳларни ўзига жалб қилади. Вилоятдаги «Амирсой» тоғ-чанғи курорти йирик инвестицион лойиҳалардан бири ҳисобланади. Тошкент вилоятидаги туризм объектлари бўйлаб саёҳат қилиш учун «Олтин халқа» туризм йўналиши ишлаб чиқилган.
2022-2026 йилларда Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани «Овжазсой» ва “Эртошсой» туризм қишлоқлари, Ангрен шаҳрининг «Янгиобод” МФЙ ҳудудларида «туризм маҳалласи»ни ташкил этиш, Паркент тумани Сўқоқ қишлоғида «гастрономик туризм кўчаси» ташкил қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилади. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва сайёҳларга мақбул нархларда жойлаштириш хизматларини тақдим этиш мақсадида оилавий меҳмон уйлари ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тошкент шаҳрида бизнес (ишчи), тарихий-маданий, МИCЭ, гастрономик, этно, шоппинг туризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Келгуси 5 йилда шаҳарда хизмат кўрсатиш соҳаси ривожлантирилади ва хизмат сифати яхшиланади. Тошкент шаҳрининг тарихда мавжуд бўлган 12 та рамзий дарвозасини тиклаш чоралари кўрилади.
Тошкент шаҳрида хорижий тажрибадан келиб чиқиб «Кечки туризм бозорлари», Янгиҳаёт туманида«Экстремал туризм зонаси”, Яшнобод туманидаги ер усти метроси бўйлаб замонавий «Food truck»ларни ташкил этиш, Олмазор туманида зиёратчи туристларга хизмат кўрсатувчи “Ҳалол туризм маркази» фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Рамазон ойида хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ярмарка ва турли кўнгил очар тадбирларни Сузук ота, Хасти Имом, Шайх Зайниддин зиёратгоҳлари ҳудудида ташкил қилинади.
Хоразм вилоятига сайёҳлар тарихий-маданий, тиббиёт, гастрономик, этно, агро, эко, зиёрат туризм йўналишларида ташриф буюради. Боғот ва Хонқа туманларида узумчилик ривожланганлиги боис агротуризм йўналишида дегустация маркази ташкил қилинади.
Шовот туманида жойлашган «Юсуф Ҳамадоний», Хива шаҳридаги «Сайид Моҳи Рўйи Жаҳон», Янгиариқ туманидаги «Шайх Мухтор вали», Хазорасп туманидаги «Шоҳ Пир» каби зиёратгоҳлар ободонлаштирилади ва қўшимча хизматлар яратиш орқали сайёҳлар оқими оширилади. Мавжуд табиий ва сунъий кўлларни қамраб олган «Khorezm EcoRing» экотуризм ҳалқаси ташкил қилинади.
Қорақалпоғистон Республикасида тарихий-маданий, археологик, эко ҳамда этно туризм юқори салоҳиятга эга бўлиб, ҳудудда «Ақчакўл», «Ашшикўл» соҳил бўйи ривожлантирилмоқда. “Қуйи-Амударё давлат биосфера резервати» салоҳиятидан самарали фойдаланилади, Чимбой туманида этнотуризм ва ҳунармандчилик ривожлантирилади. Маданий мерос объектларини таъмирлаш, муҳофаза қилиш ва зарурий инфратузилмани яхшилаш чоралари кўрилади.
Элликқалъа туманидаги Гулдурсун, Саҳтиён ва Мўйноқ туманидаги Дўстлик фуқаролар йиғинлари ҳудудида «туризм қишлоғи» ташкил қилинади.
Буларнинг бари Ўзбекистонда туризм индустриясининг жадал суръатларда ўсишига туртки беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг