Ўзбекистонда талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов ўтказилади

16:59 23 Январь 2026 Сиёсат
447 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида ҳудудларнинг бош режасини ишлаб чиқиш учун Франция, Буюк Британия, Испания, Туркиядан мутахассислар олиб келинаётгани, аммо ўзимиздаги 18 та олийгоҳда архитектура йўналишида йилига 7 мингга яқин мутахассис тайёрланаётгани танқидий руҳда қайд этилди.

Ҳокимлар битирувчи талабаларни 903 та «оғир» маҳалланинг бош режасига жалб қилиб, уларни чет эллик мутахассисга бириктирса, бу ёшларимиз учун ҳам касбий амалиёт, ҳам тажриба мактаби бўлиши таъкидланди. Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади.

Бундай маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кирадиган энг зўр лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар жамоасига 100 миллион сўмдан мукофот берилади. Бу орқали замонавий ёш архитектор ва урбанистлар корпуси шакллантирилиши таъкидланди.

«Оғир» туман ва маҳаллаларда аҳолини ишли қилиш ҳамда даромадини кўпайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун 903 та маҳалланинг ҳар бирида 300 киловаттли кичик қуёш станциялари қурилиб, маҳаллага беғараз актив сифатида берилади.

Станциялардан олинган «яшил» энергия ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий актив пайдо бўлади.

Бу «яшил» даромад «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга сарфланади. Яъни ушбу маблағлар эҳтиёжманд хонадонни «яшил» таъмирдан чиқариб, энергия харажатини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади.

Қуёш станцияларини эксплуатация қилишга мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оила аъзолари ишга олинади. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, оиласида меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6 минг 700 та хонадон энергия тежамкор қилиб таъмирланади.

Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизингга берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер