Ўзбекистонда серияли облигацияларни чиқариш механизми жорий этилди

14:24 12 Март 2025 Иқтисодиёт
199 0

Иллюстратив фото

Адлия вазирлиги томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг “Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишни давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи (рўйхат рақами №2000-11 2025 йил 11 март) давлат рўйхатидан ўтказилди.

Асосий янгиликлардан бири облигациялар дастури доирасида серияли облигацияларни чиқариш механизмининг жорий этилганидир. Ушбу ўзгаришлар эмитентларга молиявий ресурсларни жалб қилиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштириш ва тезлаштириш имконини беради.

Эмитентлар учун нима ўзгаради?

Серияли облигациялар битта рўйхатдан ўтган дастур доирасида бир нечта облигацияларни чиқариш имконини беради.

Янги механизмнинг асосий афзалликлари:

— Молиялаштиришни жалб қилишда мослашувчанлик – эмитентлар бозор шароитлари ва капитал эҳтиёжларига қараб облигацияларни босқичма-босқич чиқаришлари мумкин бўлади.

— Харажатларни оптималлаштириш – турли серияли облигациялар турли муддатларга ва фоиз ставкаларига эга бўлиши мумкин, бу эса қарз олиш харажатларини камайтиришга ёрдам беради.

— Инвесторлар доирасини кенгайтириш – облигацияларнинг турли параметрлари уларни инвесторларнинг кенг доираси учун жозибадор қилади.

— Қайта молиялаштириш имконияти – эмитентлар илгари жойлаштирилган мажбуриятларни тўлаш учун облигацияларнинг янги сериясини чиқаришлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, янги қоидалар ипотекани қайта молиялаш ташкилотлари томонидан корпоратив облигацияларини ўз капиталидан ортиқ миқдорда чиқариш имкониятини беради, шунингдек, қимматли қоғозларни таъминлаш турлари рўйхатини кенгайтиради.

Серияли облигациялар механизми капитал бозори ривожланган мамлакатларда, жумладан Малайзия, Покистон, Россия ва Қозоғистонда муваффақиятли қўлланилмоқда. Ушбу воситанинг Ўзбекистонда жорий этилиши миллий бозор рақобатбардошлигини оширади, эмитентларга янада самарали молиялаштириш усулларидан фойдаланиш имкониятини беради ва инвесторлар учун янги имкониятлар яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер