Ўзбекистонда қарзи 100 миллион сўмдан ошган нечта ишлаб чиқарувчи борлиги очиқланди? Уларнинг умумий қарздорлиги 1,27 триллион сўмдан ошган

10:13 17 Декабрь 2024 Иқтисодиёт
399 0

2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, 100 миллион сўмдан юқори солиқ қарзи мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари сони 927 та бўлиб, уларнинг жами қарздорлиги 1 триллион 270,1 миллиард сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткичда TOP-10 йирик қарздор корхоналар жами 396,7 миллиард сўм билан етакчилик қилмоқда. Қайд этиш керакки, бу умумий қарздорликнинг 31,2 фоизига тенг.

«Fiskal tahlillar» портали маълумотларига кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп солиқ қарздорлиги йирик солиқ тўловчилар бўйича HSI 245,1 миллиард сўм билан биринчи ўринни эгаллади. Андижон вилояти 235,7 миллиард сўм билан иккинчи, Тошкент вилояти эса 190,3 миллиард сўм билан учинчи ўринда бормоқда.

Солиқ қарзи энг юқори бўлган корхоналар рўйхатида «Zumrad Textil» MCHJ биринчи ўринда ва унинг қарзи 92 миллиард сўмни ташкил қилди. Иккинчи ўринни «Adam Proof» MCHJ QK эгаллаб, 72,9 миллиард сўм, учинчи ўринни эса «Eyvalek-Technology» MCHJ 49,7 миллиард сўм билан якунлади.

Шунингдек, бошқа йирик қарздор корхоналар орасида «Asl Billur» MCHJ (40,5 млрд сўм), «Petromaruz Uzbekistan» MCHJ (40,1 млрд сўм) ва «VM Jewellery» MCHJ (25,4 млрд сўм) каби ташкилотлар бор. «Surxon Cotton Textile Cluster» MCHJ ва «Great Circle» MCHJ ҳам рўйхатда юқори ўринларни эгаллади.

Ҳудудий кўрсаткичларда Сурхондарё вилояти (72,4 млрд сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (54,5 млрд сўм) ва Фарғона вилояти (52,2 млрд сўм) ҳам йирик қарздорлар қаторидан жой олди. Энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида қайд этилиб, унинг солиқ қарзи 10,4 миллиард сўмни ташкил этди.

Солиқ қарздорлигини камайтириш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Солиқ органлари молиявий тартибсизликларни бартараф этиш ва ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини яхшилаш бўйича ишлашни давом эттириши мақсадга мувофиқдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?