Ўзбекистонда «Космик фаолият тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди

11:06 16 Январь 2025 Ҳужжатлар
314 0

Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотларни ривожлантириш ва мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Космик фаолият тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Қонун Президент томонидан 2025 йил 13 январда имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Унда космик фаолиятнинг қонуний асослари белгилаб берилган бўлиб, ушбу йўналишда давлат сиёсати самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Мазкур Қонунда космик фаолиятнинг асосий мақсадлари сифатида Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш белгиланган. Шунингдек, космик тадқиқотлардан иқтисодий, экологик, илмий ва ахборот соҳаларида фойдаланиш орқали мамлакатнинг турли соҳаларини ривожлантириш назарда тутилган. Қонун космик тадқиқотларнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги самарадорлигини ҳам оширишга хизмат қилади.

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги мазкур соҳада махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси эса космик фаолият бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайдиган асосий орган сифатида қайд этилди. Мудофаа вазирлиги эса космик имкониятлардан мудофаа ва хавфсизлик манфаатларида фойдаланиш, шунингдек, ҳарбий космик технологияларни яратиш ишларини мувофиқлаштириш вазифасини бажаради.

Қонунга мувофиқ, космик тизимларнинг бир неча турлари аниқ белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат: Ерни масофадан зондлаш, космик мониторинг, давлат космик мониторинги, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигация тизими ва бошқа илмий ҳамда тижорат мақсадидаги космик тизимлар. Буларнинг барчаси замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш, давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва иқтисодиётни юқори технологик ечимлар билан таъминлашга йўналтирилган. Мазкур ҳужжат космик тадқиқотлар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер