Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмаси яратилади
Фото: Архив сурат
Ўзбекистон Президентининг “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси тизимида Миллий футбол маркази, Футбол бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби негизида Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази ташкил этилади. Шунингдек, Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш маркази Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази этиб, Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси Республика футбол академияси этиб қайта номланади.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан ҳудудий футбол академиялари, мактаблари ва бошқа давлат футбол-таълим муассасалари тренерларининг Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот марказидан мажбурий равишда тегишли лицензияларни олгандан сўнг фаолият кўрсатиш амалиёти жорий қилинади.
Бундан ташқари, 2024 йил сентябрда Ўзбекистонда футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилиши муносабати билан ҳудудларда футзал жамоалари ташкил этилади, шу жумладан профессионал футбол клублари ҳузуридаги футзал бўйича асосий, ёшлар ва аёллар жамоалари фаолияти йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январдан профессионал футболдаги фаолиятини якунлаган футболчи ва мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ижобий хулосаси асосида уларнинг хусусий секторда амалга оширадиган футболни ривожлантириш лойиҳалари учун миллий валютада 1,5 миллиард сўмгача 5 йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредит ажратилади.
Қарорда Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот марказида “футбол тренери”, “футбол ҳаками”, “футбол таҳлилчиси”, “футбол селекционери” (скаут), “спорт психологи”, “футбол менежери”, “футбол маркетологи” каби мутахассисликларга ўқитишга оид вазифалар ҳам қайд этилган.
2024/2025 ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиалида “спорт шифокори”, “спорт диетологи”, “спорт фармакологи” билан бирга “спорт психологи” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади.
2024 йил 1 мартгача республикадаги барча стадион ва футбол майдонларининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади.
Қарорда, шунингдек, 2024 йил 1 июнгача футбол учрашувларини намойиш қилиш, футболни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида футбол бўйича махсус телеканал ташкил қилиш вазифалари назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллий футбол маркази ҳамда футбол бўйича махсус телеканал ташкил қилинади. Шунингдек, футбол бўйича 2034 йилги жаҳон чемпионати Саудия Арабистонида ўтказилиши айтилганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг