Ўзбекистон Президенти Америка бизнеси билан стратегик шерикликнинг янги йўналишларини кўрсатиб ўтди
Вашингтон шаҳрига амалий ташрифнинг ишбилармонлик дастури якунида давлатимиз раҳбари АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда АҚШ савдо вазири Ховард Латник, Президентнинг махсус ёрдамчиси Рикки Гил, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Стивен Ваден, шунингдек, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раҳбарлари, “Traxys”, “FLSmidth”, “McKinsey”, “Meta”, “Google”, “Amazon”, “Boeing”, “Air Products”, “Axiom Space”, “Cove Capital”, “Freeport-McMoRan”, “Orion CMC”, “Cargill Cotton”, “John Deere”, “Honeywell”, “Valmont Industries”, “Flowserve Corporation” каби йирик корпорация ва компанияларнинг юқори даражадаги менежерлари иштирок этди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси сўнгги 8 йил ичида АҚШ билан товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар ошгани, мамлакатимизда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритаётганини таъкидлади.
Президентимиз ҳамкорликнинг бугунги даражаси биргаликдаги ишларга кенг истиқбол очадиган янги босқичнинг бошланиши эканини алоҳида таъкидлади. АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлажак учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва янги қўшма ташаббуслар муҳокама қилиниши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
2030 йилга бориб Ўзбекистонда 18-20 гигаваттлик қайта тикланувчи қувватларга эга янги энергетика тизими яратилади, электр энергиясининг ярмидан кўпи қуёш ва шамол энергияси ҳисобидан ишлаб чиқарилади.
Шу маънода, Ўзбекистон ва АҚШ уран, мис, вольфрам, молибден ва графит қазиб олиш ҳамда чуқур қайта ишлашни ривожлантиради. Ишончли етказиб бериш занжирларини яратиш ва АҚШнинг илғор қайта ишлаш технологияларини жорий этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, автомобиль ва темир йўллар, терминаллар ва аэропортларни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. 2030 йилгача транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга 12 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилган.
АҚШнинг “Google”, “Meta”, “NVIDIA” компаниялари билан рақамли ҳамкорлик кенгаймоқда. Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этиш, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғини яратиш шулар жумласидан.
Бундай лойиҳаларни илгари суриш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун DFC корпорацияси ҳамда АҚШ Эксимбанки жалб қилиниши айтилди.
Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ компанияларининг инвестиция ташаббусларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор ва муваффақият кафолати бўлиб қолишини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг